Истиқболимиз эгаларига эътибор-юртимиз келажагини белгилайди

31.12.2020 10:12:38

Мен бир партия фаоли сифатида муҳтарам Президентимизнинг ҳар гал Олий Мажлисга Мурожаатномаларини диққат билан кузатаман. Оммавий ахборот воситалари орқали қайта-қайта мутолаа қиламан. Маърузада мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, ташқи масалаларга доир кўпгина соҳалар қамраб олинган. Энг муҳими, Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилган. Куни кеча Халқаро конгресс марказида парламент аъзолари, давлат ташкилотлари  ва кенг жамоатчилик вакиллари ҳузурида сўзлаган маърузада ҳам ҳурматли Президентимиз халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада юксалтириш учун куюнчаклик билан депутатлар ва Сенат аъзоларига мурожаат қилдилар.

Шунингдек, давлатимиз  раҳбари мурожаатномада  кириб келаётган 2021 йилга ном бериш, мамлакатни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишларни  ҳам белгилаб бердилар.

Бундан ташқари, Мурожаатномада жорий йилда эришилган натижалар, «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури доирасида бажарилган ишлар ҳам  айтиб ўтилди. Келгуси йилга ном берилиб, мамлакатимизни янада ривожлантиришга қаратилган энг муҳим вазифалар, ички ва ташқи сиёсатга доир устувор йўналишлар белгилаб олинди.
Президентимизнинг  бизнинг вилоятимиз  ёшлари ҳақидаги қуйидаги фикрлари менда яхши таассурот қолдирди.

-Яқинда Қашқадарё, Хоразм вилоятларида ва Чилонзор туманида бўлиб ўтган учрашувларда ёшларимиз томонидан билдирилган дадил фикр ва ташаббуслар мени жуда қувонтирди. Айниқса, куни кеча  Ёшлар форумида ўғил-қизларимизнинг ёниб турган кўзларида улкан азму шижоатни, билимга ташналик ва янгиликка интилишни кўриб, янада руҳландим ва улардан куч олдим. Ибн Сино бобомиз айтган довюрак ва ботир ёшлар айнан шу фарзандларим эканига яна бир бор амин бўлдим,-деди Президентимиз.

Ана шу муҳим йўналишларда бошлаган ишларимизни давом эттириб ва янги, юксак босқичга кўтариш мақсадида, кириб келаётган 2021 йилга мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб ном бердилар муҳтарам Президентимиз.  Шундан келиб чиқиб, келгуси йилда юртимизда 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослашган 197 та мактаб ўз фаолиятини бошлайди. Олий таълимнинг қамрови ва сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилади.

Кейинги йилдан бошлаб олий таълимга ажратиладиган давлат грантлари сони камида 25 фоизга оширилади. Олий ўқув юртига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади. Бир оиладан икки ёки уч нафар фарзандини тўлов контракт асосида ўқитаётган ота-оналар учун ҳам имтиёзлар яратилади. Ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш учун Президентииз масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар бердилар.

Умуман, давлатимиз раҳбари кўпгина соҳалар тараққиётини таъминловчи бир қатор таклифларни ҳам илгари сурдилар. Бу эса мамлакатимизда  умргузаронлик қилаётган ҳар бир юртдошимиз қалбини тўлқинлантириб юборди.

Бугун вилоятимизда 41 минг нафардан ортиқ Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси аъзолари фаолият олиб бормоқда. Биз 2021 йилдаги фаолиятизни муҳтарам Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратамиз. Шу кеча-кундузда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда давлатимиз раҳбари  Мурожаатномаси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш учун тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Шу асосда дастлабки учрашувларни Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти ўқитувчи ва талабалари  ҳамда  Қарши шаҳридаги “Самарқанд”, “Маҳаллот” маҳаллалари  аҳолиси билан бошладик. Тарғибот ишларида маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиямиз фаоллари, профессор-ўқитувчилар жалб этиляпти. Мақсадимиз Президентимиз маърузасида илгари сурилган халқона фикр ва ташаббусларини халқимизга тўғри тушунтиришдан иборатдир.

 

                                               Руиддин РАУПОВ,

                              Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

                              раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+