Изчил ҳаракат, самарали натижа

28.06.2021 18:06:19

Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар  Кенгаши  депутати Фахриддин Матасимов шаҳарда жойлашган “Чамбил” МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган ишлар  билан яқиндан танишиб, аҳоли вакиллари билан юзма-юз, очиқ мулоқотлар ўтказди.

Ҳудуд аҳолиси Муқимий, Шодиёна, Жумҳурият ва Мустақиллик кўчасида истиқомат қилувчи аҳоли ТФ-39 трансформатор пунктининг электр энергияси қувватининг пастлиги, тегишли ташкилотларга  қилинган мурожаатлар самара бермаётганлиги юзасидан депутатга  мурожаат қилишди.

Депутат сайловчиларнинг мурожаати юзасидан тегишли соҳа вакиллари билан   муаммони ўрганиб чиқди.

Ўрганишлар давомида 1975 йилда қурилган эски трансформатор 150 та хўжалик учун мўлжалланганлиги ва ҳозирги кунда аҳоли сони кескин  ўсганлиги сабабли электр энергияси қувватида тез-тез узилишлар юз бераётганлиги аниқланди.

Халқ вакили ўз ваколатидан келиб чиқиб, шаҳар  электр таъминоти корхонаси раҳбарига депутат сўрови юборди. Депутатнинг саъй-ҳаракати бесамар кетмади.  

Натижада 554  та хўжаликка мўлжалланган  аҳолини узлуксиз ва сифатли электр энергияси билан таъминлайдиган 250 кВа қувватга эга янги трансформатор ўрнатиб  берилди.

Аҳоли депутат Ф.Матасимовнинг муаммони ечишдаги хизматларидан беҳад хурсанд бўлди.

 

Фотима САТТОРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+