“Ижодкор ўқитувчи – 2021” анжумани

29.09.2021 17:09:52

Адабиёт муаллимининг сабоқлари ҳар бир ижодкор юрагида бир умрга ўчмас таассурот қолдиради. Ўқувчининг мурғак юрагини илк бора ҳаяжонга солган бадиий адабиёт сеҳри унинг келажакда катта шоир ёки ёзувчи бўлиб етишишига асос бўлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан республикамизда фаолият юритаётган мактаб ўқитувчилари ўртасида ўтказилган “Ижодкор ўқитувчи – 2021” анжумани ана шу эзгу мақсадларга қаратилди.

Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликдаги ушбу анжуман ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинмоқда. Бу галги учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан жами 29 нафар ижодкор ўқитувчи иштирок этди.

Куннинг биринчи ярмида ўқитувчилар Адиблар хиёбонида бўлиб, устоз ижодкорларни ёдга олди. Шундан сўнг уюшманинг тадбирлар залида анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, аввало, устоз-мураббийларни келаётган касб байрами билан муборакбод этди. Ижоднинг, адабиётнинг сирли нуқталарига тўхталди. Шоирнинг “Азизим” шеъри эса йиғилганларга илҳом бағишлади. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминованинг чиқишлари эса ўқитувчиларни шеъриятнинг сеҳрли оламига етаклади. Маросим якунида ўқитувчи ижодкорларнинг мушоираси ташкил этилди. Мураббийлар томонидан тақдим этилган ғазаллар, шеърлар шодаси адабиёт байрамига ҳақиқий туҳфа бўлди.

-Бу каби анжуманлар ўқитувчиларнинг ижодий салоҳиятини оширишда, тажриба алмашишларида, адабий жараёнларга чуқурроқ кириб боришларида катта аҳамиятга эгадир, - дейди уюшма бўлим бошлиғи Маъмура Зоҳидова. – Республика миқёсида ўқитувчиларимизнинг ижод намуналарини жамлаб, келгусида китоб нашр эттиришни режалаштирганмиз.

Куннинг иккинчи ярмида анжуман наср ва назм йўналиши бўйича шўъбаларда давом этди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Хуршид Дўстмуҳаммад, Зулфия Мўминова, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон иштирокида маҳорат дарслари ташкил этилди. Ўқитувчиларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилиб, устоз ижодкорлар томонидан сабоқ ва тавсиялар берилди. Фикрлар алмашилди.

-Ушбу анжуман биз ижодкор ўқитувчилар учун катта адабий муҳитни яратиб берди, - дейди андижонлик иштирокчи, Пахтаобод педагогика коллежи ўқитувчиси Садоқат Суярова. – Ёзувчи, шоирларнинг маҳорат дарслари эртанги назмий ва насрий машқларимизда катта мактаб вазифасини ўтайди. Шу билан бирга Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинганимда беҳад хурсандман. Бу эса зиммамизга мукаммал асарлар яратиш масъулиятини юклайди. Бунинг учун ташкилотчиларга ташаккур, дейман.  

Шундан сўнг, тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда барча иштирокчиларга уюшма томонидан сертификат ва эсдалик совғалари топширилди. Маросим сўнггида таълим тизимида фаолият юритаётган 9 нафар ва анжуман қатнашчиларидан 3 нафар ижодкор ўқитувчи уюшма аъзолигига қабул қилинди ва уларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Зулайҳо АҲМАДЖОНОВА,

журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+