Янгиликлар 1274
Ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитишни нега кучайтиришимиз керак?
Бугунги шиддатли жараёнлар кечаётган, иқтисодий ва молиявий инқироз давом этаётган, атрофимизда хавфли можаролар рўй бериб, “ёт маданиятлар экспансия”си бўй кўрсатиб турган бир пайтда маънавий ва жисмоний баркамол авлодни вояга етказиш, замонавий, етук кадрларни тарбиялаш масалалари умуммиллий, умумдавлат миқёсидаги вазифа бўлиб қолаётганини яна бир марта таъкидлаш ўринлидир.
Жаҳон тараққиётининг, жумладан, Ўзбекистон ривожининг ҳаракатлантирувчи кучи, тараққиётни тезлаштирадиган омил бу малакали, замон талабларига жавоб бера оладиган, профессионал мутахассислар ҳисобланади. Бундай кадрларни, шубҳасиз, олий таълим тизими тайёрлаб беради. Шу сабабли бутун дунё тараққиётнинг тамал тоши, мамлакатни қудратли, миллатни буюк эта оладиган илм-фан, таълим ва тарбияга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Етук кадрларни тайёрлашда ижтимоий фанларнинг ўрни катта. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам деярли ҳар бир чиқишида ёшлар ва кадрлар тайёрлаш мавзуларига тўхталиши ҳамда бунда ижтимоий фанларнинг ўрни беқиёс эканини таъкидлаши бежиз эмас, деб ўйлайман. Давлатимиз раҳбарининг яқинда чоп этилган “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида ҳам ижтимоий фанларни ўқитишни чуқурлаштириш масаласига алоҳида тўхталинган.
Савол пайдо бўлади: нега кадрларни таёрлашда ижтимоий фанларнинг ўрни муҳим? Чунки аниқ фуқаролик позициясига эга, жамият, давлат манфаатларини ҳимоя қиладиган, халқ ҳаётидаги ўзгаришлар ва ислоҳотларда фаол қатнашадиган, замонавий ҳамда кенг тафаккурли ёшлар авлоди ҳозирги шароитда биз учун ниҳоятда муҳим. Шундай кадрларни етиштирмасак, ёшларимиз бир томонлама тарбия топади. Навқирон авлод агар маънавиятли бўлмаса, манқуртга айланиб қолади.
Советлар даврида ҳам ижтимоий фанларни ўқитишга эътибор кучли эди. Айниқса, фалсафа, тарих, ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик каби гуманитар фанлардан дарслар йўлга қўйилган. Аммо ижтимоий фанларнинг барчаси марксизм-ленинизм ғояларига бўйсундирилган бўлиб, замини пуч бу ғоялар комил инсонни тарбиялай олмади, кадрларни боши берк кўчага киритиб қўйди. Оқибатда жамият таназзулга юз тутди. Давлат пароканда бўлди. Мустақилликнинг илк йилларида республикамизда ижтимоий фанларни янги призмадан ўқитиш йўлга қўйилди.
Бироқ Ўзбекистонда 1990 йиллар ўрталаридан ижтимоий фанларга нисбатан бир томонлама технократик ёндашув, бу борадаги масалаларга “ўгай” қараш шакллана бошлади. Афсус билан таъкидлаш керакки, ҳалигача узлуксиз таълим босқичларида, айниқса, олий таълим тизимида ижтимоий фанларни қанча ҳажмда ва қандай йўналишларда, қай бир шаклда, қандай мазмунда ўқитиш ҳамда ўргатиш бўйича яхлит концепция йўқ. Айрим узоқни кўра олмайдиган “арбоблар”нинг “Ижтимоий фанлардан фойда йўқ” қабилидаги ножўя қарашлари оқибатида ушбу фанларнинг салмоғи ва сифатини тушириб юборишга йўл қўйилди. Бу йўналишда кимнингдир субъектив ёндашуви таъсирида бирор-бир фанни жорий этиш, бошқа бирини эса йўқотиш, кафедраларни қўшиш ва уларда профессор-ўқитувчилар сонининг ҳаддан ортиб кетиши билан боғлиқ тез-тез рўй бериб турадиган “тажрибалар”, ижтимоий фанлар олимлари ва мутахассислари, профессор-ўқитувчиларнинг меҳнатига муттасил скептик муносабатда бўлиш ҳолатлари соҳага жиддий зиён етказди. Айнан ана шундай ҳолат ушбу йўналишнинг айрим вакилларида “Биз ва бизнинг фанларимиз керак эмасми, бизга ҳам ҳеч нарса керак эмас. Шунчаки топшириқларни бажариб, фанларимизни ўқитиб ва дарсларимизни ўз вақтида ўтиб юрсак бўлди”, деган тасаввур шаклланишига сабаб бўлган. Ваҳоланки, ижтимоий-гуманитар фанлар – тарих, фалсафа, ҳуқуқшунослик, археология, шарқшунослик, тилшунослик, адабиётшунослик, санъатшунослик ва бошқа соҳаларда юксак натижаларга эришилган.
Назаримизда олий таълим муассасаларида ижтимоий фанларни ўқитишни жиддий қайта кўриб чиқиб, ижтимоий фанларни мазмунан бойитган ҳолда уларни ўқитишни йўлга қўйиш учун Президентимизнинг шу тавсияси ва талаби етарли асос деб ҳисоблаймиз. Зеро, ижтимоий соҳа бошқа техник ва иқтисодий, тижорат, молия, хўжалик соҳалари каби тўғридан-тўғри катта даромадлар келтирмайди. Лекин жамиятнинг маънавий бўшлиғи орқали юз берадиган оқибатлар ва офатлар тузатиб бўлмайдиган кулфатларга сабаб бўлиши мумкинлигини бугун ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. Афсуски, бундай ҳаракат тарафдорлари юртдошларимиз орасида ҳам учраб турибди. Ижтимоий фанлар ўрнида юзага келган бўшлиқ натижасида глобал таҳдид ҳисобланган диний мутаассиблик, унинг оқибатларидан бири бўлган глобал терроризм, жоҳилона адоваткорликка асосланган диний оқимларнинг пайдо бўлишига, саводи ҳаминқадар чаламуллалар ва уларнинг хориждаги гумашталарининг на динга, на инсоний маънавиятга мос келадиган ғояларининг урчиб кетишига олиб келдики, бунинг оқибатини тасаввур қилиш инсонни даҳшатга солади.
Ижтимоий фанларни камайтирган ҳолда етук мутахассисларни тайёрлаш мумкиндир. Аммо ҳақиқий ватанпарвар, миллат учун ғам чекадиган инсонни тарбиялаш анча мушкул иш. Учинчи Ренессанс ҳақида қанчалик кўп гапирмайлик, ҳаракат қилмайдик, унинг туб моҳиятини ижтимоий-гуманитар фанларнинг ёрдамисиз ёшлар онгига сингдириб бўлмайди. Ижтимоий-гуманитар фанлар учинчи Ренессанс бошланиши ва ривожланишининг “катализатори” ҳисобланади. Айнан, ижтимоий-гуманитар фанлар ҳалқни ва миллатни уйғотишга қодир куч ҳисобланади.
Бугун биз замонавий билим ва технологияларни, иқтисодиётни эгаллаган авлодни тайёрлашимиз керак. Табиий-техник ва ихтисослик фанлари бундай мутахассисларни тайёрлаш учун асосий омил экани ҳам шубҳасиз. Аммо янги авлодни халқ ва жамият, миллат ва давлат манфаатларини кўзлайдиган, ўзини юрт манфаатлари билан бирга кўрадиган ва ислоҳотларга дахлдорлигини, ижтимоий масъуллигини сезадиган, етук инсон этиб тарбиялаш учун ушбу фанларнинг ўзи кифоя қилмайди. Биз давлат ва жамият манфаатлари йўлида ҳалол меҳнат қилган, бу борада барча ижтимоий чақириқ ва даъватларга “лаббай” деб жавоб берган ота-боболаримиз авлоди таъсирида тарбияландик. Уларнинг бундай камолга етишида ижтимоий фанлар тизимининг аҳамияти катта бўлгани барчамизга маълум.
Шундай экан, ижтимоий фанларга эътибор бермаслик оқибатида дунёқараши бир томонлама шаклланган, ўзидан бошқани ўйламайдиган, халқ, давлат ва жамият тушунчаларидан бегона бўлган ва бугунги кунда чет элларда “бой берилган авлод” дея аталаётган ёшлар авлоди бизда ҳам вужудга келмайдими? Президентимиз “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “бундан 60-70 йил илгари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги қийинчилик ва моддий тақчиллик йилларида чет элларда ишлаб чиқилган ва асосан, маънавият ва гуманитар таълимга пул сарфлаш зарур эмас, деб ҳисобланган ва мутлақ ғоясизликка асосланган ижтимоий концепциянинг оқибатлари қандай бўлганини бугун кўриб турибмиз”, дея таъкидлайди. Демак, ижтимоий фанларни ўқитишга пулни аямаслигимиз керак. Беш йил ўтар, ўн йил ўтар, сарфланган маблағ изсиз кетмаганлигининг гувоҳи бўламиз. Жанубий Корея, Япония, Сингапур каби давлатлар тажрибаси ҳам таълим ва тарбияга сарфланган молия ўзини оқлаганини бутун дунёга намоён қилди. Агар ижтимоий фанларга пулни аясак, яна эски йўл ўзанларига тушиб қоламиз. Бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.
Шундай экан, таълим тизимининг барча босқичида ижтимоий фанларни қай тарзда тақсимлаш, ўқитиш ва амалиёт соатларини қандай ташкил этишга доир махсус концепцияни ишлаб чиқиш зарур эхтиёжга айланди. Шу сабабли Президентимиз ўзининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида айтганидек, “Узлуксиз таълим тизимида ижтимоий фанларни ўқитиш тартиби ва тамойиллари тўғрисида” қонунни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш эҳтиёжи мавжуд. Бу жиҳатдан, 2022-2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг узлуксиз таълим ва тарбия соҳасини гуманитарлаштириш стратегияси яратилиши ва амалга оширилиши мақсадга мувофиқ. Шундагина биз иқтисодиёт соҳасида ҳам ҳар томонлама билимли замонавий кадрларни тайёрлашга эришамиз. Ҳақиқатдан ҳам, биз катта ниятлар билан пойдеворини қўяётган янги Уйғониш – Ренассанс даври мамлакатимизда мана шундай улкан бойлик яратишга, халқимиз ҳаётини фаровон қилишга ва келгуси авлодларга ўзимиздан муносиб мерос қолдиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, ижтимоий фанлар соҳасида одоб-аҳлоқ қоидалари ва маънавиятнинг оддий тушунчалари ҳамда содда талабларини бошланғич синфлардан ўргата бошлаш, олий таълим муассасаларида “Ижтимоий фанларни ўқитиш концепцияси”ни ишлаб чиқиш, Янги Ўзбекистонни — обод ва фаровон, демократик мамлакатни, Учинчи Ренессансни барпо этишда педагоглар, профессор-ўқитувчилар, ижодкор зиёлилар энг катта куч, таянч ва суянч эканлиги ва уларнинг ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган фаолиятини қўллаб-қувватлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш талаб этилади.
Олий таълим масканларининг ривожланган мамлакатлардаги, бозор муносабатларига асосланган кредит модул тизимига тўлиқ ўтиши муносабати билан, ижтимоий фанлар ўқитилишининг кўпайиши кадрлар тайёрлаш харажатларини ошириб, уларнинг рақобатдошлигини камайтирадиган ҳолат юзага келиши мумкин, унда мазкур харажатларни давлат қоплаб бериши мақсадга мувофиқ. Ахир бу фанлар Янги Ўзбекистон келажак авлодининг янги дунёқарашини шакллантиради. Нодавлат олий ўқув юртларида эса ижтимоий фанларнинг ўқитилиши тўлиқ давлат буюртмаси сифатида бўлиши мумкин, шу орқали биз ўз ёшларимизни ғоясизликдан сақлаб қоламиз.
Ижтимоий фанларни таълим соҳаларига қараб тақсимлаш зарур. Масалан, педагогик ва гуманитар йўналишга, техника, инженерлик, иқтисодиёт ва бизнес соҳаларига алоҳида ижтимоий фанларни ўқув режаларига киритиш мантиқли бўлади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ижтимоий фанларни ўқитиш масалалари бўйича махсус бошқарма ва жамоатчилик асосида экспертлар Кенгаши тузиш мақсадга мувофиқ. Қолаверса, Янги Ўзбекистон стратегиясидан келиб чиқиб университет ва институтларда Ўзбекистоннинг энг янги тарихи, фалсафа (+мантиқ, этика, эстетика), Янги Ўзбекистон стратегияси, диншунослик, ижтимоий антропология, сиёсатшунослик, ҳуқуқшунослик (таълим йўналиши ҳисобга олинган ҳолда), педагогик ва гуманитар олий таълим муассасаларида маънавиятшунослик, социология, фалсафа тарихи, мантиқ фанлари ўқитилса, замонавий етук кадрларни тайёрлаш борасидаги ишимиз енгиллашади.
Келгусида Ўзбекистонда Ижтимоий-гуманитар фанлар университети ташкил қилиш ҳамда бу соҳада чуқур ихтисослашувни амалга ошириш ўринли бўлади. Бундан ташқари, табиий ва аниқ фанлар соҳаларида ҳам ижтимоий-гуманитар фанлар ўқитилишини таъминлаш ҳамда дарс соатларини ошириш, олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини ошириш, ёшларни илмий фаолиятга кенг жалб этиш, илм-фаннинг инновацион инфратузилмасини шакллантиришда фалсафа ва фалсафий тафаккурни жорий қилиш, ҳар бир мутахассислик йўналишида маънавий-маърифий ва тарбиявий ишлар таъсирчанлигини ошириш, коррупцияга қарши курашиш, шаффофликни таъминлашнинг таъсирчан механизмлари сифатида ижтимоий-гуманитар фанларга кенг имкониятлар яратиш каби таклиф ва тавсияларни ҳам илгари сурмоқчимиз. Бу барча соҳаларда замонавий, малакали ва профессионал кадрларни тайёрлаш ишига хизмат қилади.
Исмоил САИФНАЗАРОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори,
фалсафа фанлари доктори.
Фикрингизни қолдиринг