“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими ўз ишини бошлади

07.01.2021 18:01:14

Бугун мамлакатимизда ижтимоий нафақаларни тайинлаш босқичма-босқич “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали амалга ошириб келинмоқда. Бу тизим қай тартибда ишлаши, кам таъминланган оилаларга қандай нафақалар тайинланиши борасида аҳоли учун қатор қулайликлар яратилди. Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 августда “Аҳолига давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдам тақдим этиш тартиб-таомилларини автоматлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4797-сонли қарори эълон қилинган эди. Унда  ахборот тизими орқали электрон маълумот алмашуви билан давлат томонидан аҳолига ижтимоий ёрдам бериш ҳамда хизматлар кўрсатишнинг шаффофлиги, адолатлилиги таъминланиши белгилаб берилди.

Айтиш лозимки, мазкур қарор ижроси синов тариқасида Тошкент вилоятида 2020 йилнинг 1 декабрдан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали бола икки ёшга тўлгунга қадар уни парвариш қилиш бўйича, 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга ва кам таъминланган оилаларига моддий ёрдам тайинлаш ва тўлашнинг соддалаштирилган механизми ишга туширилди. Мазкур тизим Сирдарё вилоятида ҳам тажрибадан ўтиб, ўз самарасини кўрсатди ва уни ҳозирда барча ҳудудларда босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, кам таъминланган оила мақомини олиш учун фуқаролардан аввалгидек 12 та идорадан 30 дан зиёд маълумотлар талаб қилинмайди. Мазкур тизимда эса эҳтиёжманд оилаларга 30 турдаги ижтимоий ёрдам ва хизматлар осон ва қулай тарзда тақдим этилиши йўлга қўйилди. Таъкидлаш керакки, сўнгги даврда иқтисодиёт тармоқлари ва давлат бошқаруви тизимига замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш масалаларига катта ва жиддий эътибор қаратилмоқда.

Айниқса, бугунги коронавирус пандемияси даврида аҳолига давлат хизматларини масофадан кўрсатиш нақадар муҳимлиги яққол намоён бўлмоқда. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилиши натижасида эса давлат ижтимоий хизматлари ва ёрдамини олиш жараёнида барча маълумотлар электрон кўринишда тақдим этилиши эвазига ортиқча қоғозбозлик йўқолади. Бу эса ушбу йўналишдаги ишларнинг шаффофлиги ва манзиллилигини таъминлайди, хизмат кўрсатиш ва давлатдан ёрдам олиш жараёнини тезлаштиради.

Шунингдек, ягона реестр ташкил этилиши давлат томонидан кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ва ёрдамни олиш учун мурожаат қилувчилар тўғрисидаги яхлит маълумотлар базаси шакллантирилади. Оилаларнинг эҳтиёжмандлиги даражасини ва белгиланган мезонларга мувофиқлиги реал вақт режимида баҳолаб бориш имкониятини беради.  

Дейлик, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимидан фойдаланиш учун, 16 ёшга тўлмаган 10 миллион болага ва биометрик паспорти бўлмаган 42 минг фуқарога жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами киритиш керак бўлади. Тизим орқали аризани топшириб, керакли маълумотларни киритгандан сўнг, 9 вазирлик ва давлат идораларининг маълумотлар базалари билан электрон маълумотлар айирбошлаш жараёни амалга оширилади. Олинган маълумотлар белгиланган мезонлар ва меъёрлар асосида мурожаат этувчига мустақил равишда ижтимоий нафақа тайинлайди ёки рад этади. Бу ҳақдаги қарор аризачига СМС орқали хабардор қилинади. Албатта, яратилган тизимнинг фуқаролар учун бундай қулайлиги ижтимоий нафақаларни тайинлаш жараёнида расмиятчилик, сансалорликни бартараф этиши билан аҳамиятлидир.

Соҳада мавжуд бу каби муаммоларга ечим топиш мақсадида  Молия вазирлиги томонидан ҳалқаро тажрибага назар ташланиб, ҳорижда шу каби жараёнларнинг йўлга қўйиш усуллари ўрганилди. Бу жараёнда кўплаб мамлакатларда аҳолига пул ёки маҳсулот кўринишидаги ёрдамларни кўрсатиш тизими автоматлаштирилганлиги ҳамда муҳтож инсонлар ва оилаларга шу каби давлат хизматлари электрон тизимлар ёрдамида амалга оширилаётганлиги аниқланди. Ушбу ўрганишлар натижасида эса “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими яратилди. Ўйлайманки, ушбу тизим аҳоли фаровонлиги ва соҳа ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Шохруҳбек НИЯЗБЕКОВ,

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан

ташқари пенсия жамғармасининг Тошкент шаҳар

Яккасарой  туман бўлим бошлиғи

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+