Янгиликлар 1610
Ижтимоий тармоқдаги ҳолат: Фурқатлик бемор тушунмовчилик бўлганлигини билдириб, узр сўради
Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилояти Фурқат тумани марказий шифохонасига иситма билан келган она-болани қабул қилмай, 40 даража иссиқда сарсон қилаётганлиги акс эттирилган видео хабар тарқалди. Ўзбекистон “Адолат” СДП Фурқат туман Кенгаши раиси Бахтиёр Солиев мазкур хабарнинг қанчалик асосли эканлиги юзасидан ўрганишлар олиб борди.
Маълум бўлишича, Фурқат тумани Янги қишлоғида яшовчи фуқаро Б. Х. 2021 йил 28 июнда туғилган фарзандида ҳамда ўзида тана ҳарорати юқорилиги сабабли Янги қишлоқ участка шифокорига телефон орқали хабар берган. Шифокор беморнинг уйига бориб, она ва болани кўрган пайтида, ҳақиқатдан ҳам онада томоқ оғриғи ва юқори тана ҳарорати, чақалоқда ҳам юқори тана ҳарорати кузатилган. Бундан ташқари болада туғма юрак нуқсони борлиги, эрта муддатда туғилганлиги сабабли вилоят шифохонасида мазкур касаллик билан даволаниб келган.
Участка шифокори иложи борича алоҳида хона билан таъминлаймиз, деган таклиф билан она ва болани 7 август куни туман Тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлими қабулхонасига олиб келган. Қабулхонада кўриш жараёнида қабулхона шифокори она ва боладаги тана ҳароратини ҳисобга олиб, юқумли касалликлар бўлими изоляторига олиб, кузатилишини билдирган. Лекин улар ётишни хоҳламаганлиги учун касаллик тарихи шу куни болалар бўлимига очилган.
Шундан сўнг тана ҳарорати юқорилиги сабабли 9 август куни участка шифокори томонидан ШТТЁ болалар бўлимига чақалоқ онаси билан олиб келинган. Она ва болани 3-4 кишилик палатага жойлаштириш жараёнида бемор “ўзим алоҳида хонада ётаман” деб ташқарига чиқиб олган. Видеолавҳада ана шу ҳолат акс этган.
Беморга алоҳида бўш хона йўқлиги тушунтирилиб, она ва бола 3 кишилик палатага жойлаштирилиб, муолажалар бошланган. Ҳозирда аёл ва унинг чақалоғи болалар бўлимида даволанмоқдалар.
Бемор билан суҳбатлашилганида, ўша куни тушунмовчилик бўлгани, ҳозирда тиббиёт ходимларига эътирози йўқлигини билдирди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Фарғона вилоят Кенгаши матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг