Янгиликлар 918
Йигитнинг ори бўлсин!
28.07.2022 09:07:22
Қиз бола дунёга келса, давлатбоши, деб бир суюнсалар, ўғил туғилса, оналари, хонадон аҳли, яқинлари ўн суюниши бор гап. Ахир ўғилли уйнинг чироғи ўчмайди, дейдиларку!
Қадим қадриятларимизда ҳам авлодлар шажарасини ўғиллар орқали белгилаганлар.
Лекин...
Санк Петербургда гипермаркетнинг чиқиндиларини тозалаётган аёл билан суҳбатлашиб, қалбига қулоқ тутаман. “Эрим ишсиз, сиз ҳам одамларга ўхшаб пул топинг, рўзғор қилинг, десам менинг борим шу.
Хоҳласанг қўшнимизнинг хотинига ўхшаб Россияга бориб ишла, болаларингга мен қараб ўтираман, деганини эшитиб виждоним қайналиб кетди.
Статистик маълумотларга қараганда, оилавий ажримлар ортидан болаларнинг тирик етим бўлиб қолиши йилдан-йилга ортиб боряпти. Ва масаланинг моҳиятига чуқурроқ киралса, ота ёки она меҳридан, назоратидан четда қолган болалар безорилик кўчасига кўпроқ кираркан ёки мойил бўларкан. Шу ўринда бола тарбиясига кўпроқ масъул бўлган оналарнинг бўйнига турмуш “юки”ни ортиб, уларни уззукун бозорларга ёки хорижга чиқариб қўйган, бола тақдирини аро йўлга ташлаб, кўнгил кўчасида сармаст юрган оталарнинг нафсониятига ўт тушганми, дегинг келади. Ахир аёл эрининг ори, фарзанд ғурури эмасми?!
Эркаги ориятли хонадоннинг томидан чакка ўтмайди, аёли зорланиб яшамайди, қора кўз зурриёди ўзи ҳали чуқур англаб етмаган беқадрлик, бемеҳрлик, беэътиборлик гирдобига рўбарў келмайди. Ўзбекона мард, умрнинг лаҳзаларини-да ҳавога совурмайдиган, орияти, нафсонияти, ғурури уйғоқ ўғлон ўстираётган хонадоннинг эртаси умидли, ота-онаси, эгачи-синглиси бағри бутун. Бундай ўғлонлар юқорида айтилганидек, нафақат оиласи, балки элу юртнинг таянчи, суянчи, ифтихори бўла оладилар. Нима бўлганда ҳам йигитнинг ори бўлсин!
Ориятли йигитлар эса орияти баланд оилаларда камолга етадилар. Бу назарий ва амалий исботланган ҳақиқат. Яна бир ҳақиқат шуки, ўғил бола қалбига қадим аждодларимиздан мерос бўлиб ўтиб келаётган орият, диёнат, нафсоният, ғурур аталмиш энг улуғ фазилатлар, аввало ота-она қонидан ниш уриб, билим ва тарбия даргоҳи, китобдек энг содиқ дўст имконидан куртак отиб, шаклланиб, қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла кўй, жамоатчиликнинг маънавий таъсиридан камолга етказилади.
Йигити ориятли юртнинг тараққиёти бардавом, аёли бахтли, оиласи мустаҳкам, фарзандлари бағри бут ва комил бўладилар.
Йигит элнинг оридир, деганлари шундан-да!
Лола АВЕЗОВА,
Халқ депутатлари
Ромитан туман Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг