Йил якуни бўйича партиянинг Вобкент туман Кенгаши фаолияти намунавий Кенгаш сифатида таҳлил қилинди

28.12.2021 15:12:21

«Адолат» СДП Бухоро вилояти Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов ҳамда шаҳар ва туман Кенгашлари раисларидан тузилган ишчи гуруҳ партиянинг Вобкент туман Кенгаши фаолиятини намунавий фаолият сифатида ўрганиб чиқдилар.

Ўрганишлар жараёнида туман Кенгашидаги бошланғич партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳи аъзоларининг фаолияти таҳлил этилди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан йўлга қўйилган маҳаллабай ва фуқаробай ишлаш тизимини такомиллаштириш мақсадида туман Кенгаши ва депутатлик гуруҳи аъзолари партиянинг «Муаммо билан юзма-юз» лойиҳаси доирасида тумандаги МФЙ лар фуқаролари билан юзма-юз мулоқотлар ва доимий учрашувларни тизимли йўлга қўйган. Бу борада амалга оширилган ишлар ҳам салмоқли. Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишда, уларнинг мушкулини енгиллаштиришда Вобкент туман Кенгаши ҳамда ундаги депутатлик гуруҳи аъзолари жонбозлик кўрсатиб, фаолликни қўлдан бермай келмоқдалар.

Ўрганишлар жараёнида ишчи гуруҳ туман ҳокими билан ҳам учрашиб, суҳбатда бўлди. Бугунги кунда Вобкент туманида янги ўзгариш ва янгиланишлар жараёни кечмоқда. Бу албатта Муҳтарам Юртбошимизнинг одилона ислоҳотлари самарасидир. Бунга яққол далил сифатида айтишимиз мумкинки, тумандаги «Кўсаро», «Мўминобод», «Кўлхатиб», «Бешработ», «Чўрикалон», «Ҳаживон», «Хайрихуш» ва «Шоҳнигор» жами 8 та МФЙ бинолари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилди. Жорий йилнинг охирига қадар яна 4 та МФЙ бинолари янгидан қурилиб фойдаланишга топширилади, - дейди туман ҳокими Фарҳод Умаров.

Ўрганишлар давомида партия Вобкент туман Кенгаши фаолияти таҳлилий кўздан кечирилди. Шуни таъкидлаш керакки, туман Кенгашининг партия лойиҳалари бўйича амалга оширилган қатор чора-тадбирларини бошқа туман ва шаҳар Кенгашларига намуна қилиб кўрсатсак, арзийди.

- Мана Вобкент туман Кенгаши фаолиятини намунавий ўрганиб, таҳлил қилдик, мақсад ушбу туман Кенгаши фаолиятини бошқа туман ва шаҳарларга ўрнак қилиб кўрсатиш. Сабаби, туман Кенгашининг фаолияти таҳсинга лойиқ, ҳар томонлама етакчи. Ушбу ўрганишлар давомида ўзимизга кўплаб янги тажрибалар орттирдик, - дейди Когон шаҳар Кенгаши раиси Зарнигор Тошева.

- Вобкент туман Кенгаши фаолиятини намунали дейишимиз учун асосларимиз етарли. Бунга ўзимиз гувоҳмиз, хусусан аҳоли орасида партиянинг танилувчанлигига туман Кенгаши ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб самарадор тарзда фаолият юритиб келмоқда. Умуман олганда, туман Кенгашининг партия лойиҳалари бўйича қилинган амалий ишлари натижасида қайсидир маҳалла обод бўляпти, яна қайсидир инсонни ўйлантираётган муаммолар ўз ечимини топяпти. Ахир кимгадир нафингиз тегса, савобингиз зиёда бўлади, қилган савобларингиз эса бесамар кетмайди, - дейди партиянинг Ғиждувон Кенгаши раиси Зикрилло Фузайлов.

Таҳлилий ва намунавий ўрганишлардан сўнг вилоят Кенгаши раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ партиянинг Вобкент туман Кенгашида йиғилиб, ўз олдиларига аниқ мақсад ва вазифаларни белгилаб олдилар.

Йиғилишда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов Вобкент туман Кенгашининг депутатлик гуруҳи томонидан жорий йил давомида жами 7 та сессияга масала, доимий комиссияга эса 18 та масала киритилганлиги ҳамда БПТ лар сони 65 та ни ташкил этаётганлигини таъкидлади.

Гап исботи билан дейилганидек, Мақсуд Ҳамидов ўрганишлар жараёнидан келиб чиқиб, барча шаҳар ва туман Кенгашлари раисларига Вобкент туман Кенгаши фаолиятини намуна қилиб кўрсатди ҳамда ушбу фаолиятдан андоза олишлари таъкидланди. Шунингдек, яқинлашиб келаётган 2022 йил амалга ошириладиган йўл харитасини ишлаб чиқишда вилоятимиз ҳудудидаги партиянинг барча шаҳар ва туман Кенгашлари Вобкент тажрибасидан намуна тариқасида фойдаланиши белгиланиб олинди. Партия вилоят Кенгаши томонидан жорий этилган мана шундай ўзаро тажриба алмашиш тадбирлари эндиликда доимий ҳар ой мобайнида туман ва шаҳар Кенгашларида йиғилиш ўтказилиб, фаолияти таҳлил этилиши келишиб олинди.

Вилоятда партиянинг туман ва шаҳар Кенгашлари орасида ўзаро тажриба алмашиш тадбирларини ташкил қилишдан асосий мақсад ўтган даврдаги фаолиятда йўл қўйилган хато ва камчиликларга аниқлик киритган ҳолда келгуси йил учун йўл харитасини ишлаб чиқиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишдан иборат. Қолаверса, партиямиз мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб, ўз олдимизга аниқ режаларни белгилаш ва уни ижросини таъминлашда ҳар бир ходим ўз вазифасига сидқидилдан ёндашган ҳолда юртимиз ривожи учун муносиб ҳиссасини қўшишни мақсад қилиб олдилар.

Зеро, юртимиз тараққиёти йўлида бор куч-ғайратимизни сафарбар этиш, ўз вазифамизга сидқидилдан ёндашиш ҳар битта фуқаро ва ҳар битта масъулнинг қон-қонига, жон-жонига сингиши лозим.

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+