Янгиликлар 1318
Йўл ҳаракати ҳавфсизлиги: Ҳар биримиз масъулмиз!
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 11 февраль куни йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлатимиз раҳбари бугунги кунда жуда актуал бўлган муаммони кўтарди ҳамда мазкур масалага жиддий ёндошув ва эътибор зарурлигини кўрсатди. Зеро, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги кўплаб масалалар ҳайдовчини ҳам фуқарони ҳам қийин аҳволга солиб қўймоқда. Ҳайдовчи йўловчини, йўловчи эса ҳайдовчини айблайди. Гоҳида иккиси ҳам йўл ҳолати ёмонлиги ва инфратузилмаси оқилона ташкил этилмаганлигига эътироз билдиради. Афсуски, ҳар уччала омил ҳам йўл-транспорт ҳодисаларининг айбдори, сабабчиси бўлиши мумкин. Давлатимиз раҳбари барча жиҳатларга эътибор қаратиб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар. Бу йил барча ҳудудларда «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» умуммиллий дастури амалга оширилиши таъкидланди.
Оддийгина мактабга қатнаётган ўқувчининг эсон-осон таълим даргоҳига етиб боргунича ота-она ҳавотирда бўлади. Гоҳида ўқувчиларни туртиб кетаётган, мактаб, боғчалар атрофида юқори тезликда автоуловини бошқариб ўтаётган ҳайдовчилар йўлимизда ҳар куни учрайди. Бундай нохуш манзара мамлакатимизнинг турли ҳудудларида содир бўлади.
– Йўлларда тартиб-қоидалар илм билан ҳамоҳанг бўлиши керак. Йирик шаҳарлардаги марказий кўчаларда тезлик чекловларини оқилона белгилаш лозим. Жумладан, мактаб ва боғчалар олдида тезлик 30 километрдан ошмаслиги шарт. Айрим гавжум кўчаларда эса ҳозирги 70 километр соатдан 60 километргача тушириш зарурати бор, — деди Шавкат Мирзиёев.
Расмий маълумотларга кўра, Фарғона вилоятида йўл-транспорт ҳодисалари 2021 йилда 48,2 фоизга, шундан вафот этганлар 20,6 фоизга, тан жароҳати олганлар 55,0 фоизга ошиб кетган. А-373 йўлининг Фарғона вилояти Ёзёвон туманидан ўтган қисмида ҳам кўплаб бахтсиз ходисалар инсонларнинг умрига зомин бўлаётганлиги таассуфлидир. Бу ҳолатлар видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилган масаланинг аҳамиятини янада оширади.
Видеоселектор давомида ички ишлар вазирлигига жуда катта вазифалар юкланди. Аслида юртбошимиз томонидан келтирилган мисоллар, фактлар нафақат ҳайдовчилар, масъул мутасаддилар балки барча юртдошларимизни огоҳликка даъват этди.
Шерзод Каримов
партия вилоят Кенгаши раиси
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг