Янгиликлар 1577
Йўл муаммосини бартараф этиш масаласи сессия қарори билан амалиётга йўналтирилди
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессиясига Ўзбекистон “Адолат” СДП Урганч шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан йўлларнинг таъмирталаблиги тўғрисидаги масала кун тартибида муҳокама этилди.
Сессияда мазкур масала юзасидан партиянинг Урганч шаҳар Кенгаши раиси, шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Рустам Болтаевнинг ўрганишлар натижаси юзасидан маърузаси тингланди.
Таъкидланишича, депутатлар ўз сайлов округларидаги сайловчилари билан ўтказилган учрашувларида автомобиль ва ички йўлларнинг таъмирталаб холатга келиб қолганлиги боис, турли нохуш холатлар юзага келаётгани тўғрисидаги эътирозлари эътиборга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди.
Ўрганиш натижалари ҳамда чиқарилган депутатлик сўровларига келган жавоблар таҳлил қилинганда, 2021 йилнинг биринчи чораги давомида 33 нафар фуқаролар томонидан, ҳудудларда яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмаган ҳолда, ички йўлларнинг элементлари шикастланиши ҳолатлари содир қилинган. Шунингдек, депутатлик гуруҳи ташаббуси билан шаҳардаги “Ҳамжиҳатлик” МФЙ, “Юқори боғ”, “Машъал” МФЙ, “Жамбул” МФЙ, “Зиёкорлар” МФЙ, “Наврўз” МФЙ, “Маърифатчи” МФЙ, “Исломобод” МФЙ ҳудудидаги марказий ва ички йўлларнинг носозлиги куз ва қиш мавсумида пиёдалар ва автомашина ҳайдовчилари учун муаммолар келтириб чиқармоқда.
Муҳокама ва савол-жавоблардан сўнг Урганч шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси раҳбари У.Ўктамов зиммасига 1 ой муддатда Урганч шаҳридаги 38 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ички йўллардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш чораларини кўриш ҳамда манзилли давлат дастурига киритиш вазифаси юклатилди.
Шаҳарда фаолият олиб бораётган корхона, ташкилот ва муассасалар, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими билан ҳамкорликда йўллардан фойдаланиш қоидалари ҳамда ушбу қоидани бузганлик учун Қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиш юзасидан тушунтириш-тарғибот ишлари ташкил қилишга Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Урганч шаҳар бўлими бошлиғи У.Жуманиёзов ва Урганч шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи И.Таджимуратовлар масъул этиб белгиланди.
Қарор ижросини таъминлаш ва назорат қилиш Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашининг “Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига ҳизмат кўрсатиш ҳамда экология бўйича доимий комиссия раиси Қ.Кенжаев ва шаҳар ҳокимининг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Н.Бобожановлар зиммасига юклатилди.
Сессияга масала киритиш давом этмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг