Йўқолсин кибер-ҳужум!

09.12.2021 17:12:55

Ўйинлар ичида сандиқ тўла хазина борлигига ишониб, интернетнинг кирли домига кириб қолаётганлар ҳақидаги совуқ хабарлар тез-тез учрамоқда.

Юксак ақл ва кучли режалар билан қурилган бу тизим  ғўр  ёшлар қаторида зиёли инсонларни хам таъсирига  тортаётгани янада оғриқли.

Жоҳиллик аслида жарлик, хорлик, бадномлик экани турли ўйинлар орқали яна ҳам ойдинлашиб бормоқда.

Йил бошида, тасодифан бир воқеага гувоҳ бўлганим, интернетнинг сирли ва хирсли ўйинига гирифтор бўлган йигит ва унинг орқасидаги оиланинг  қайғуси мени кўп ўйлантирди.

У бир танишимнинг ўғли, мактабда яхши ўқиган, бир неча бор Республика миқёсидаги спорт ўйинларда юқори натижага эришган йигит эди. Мактабни битиргач, ўз кучи билан университетга  киришни хоҳлади.  Хар йили  имтихондан йиқилавериб, хадеганда йигитнинг омади чопавермади.  Ваҳоланки, отаси катта фермер, пора-пул  эвазига бўлса ҳам  ўқитишга  қурби етарди. Хамма нарсага мустақил эришмоқчи бўлганидан, у яқинларининг таклифини рад этганди. Охир-оқибат  таълим олишдан хафсаласи  пир бўлиб, сўнги умидини мухожиротда кўрди. "Россия ерлари - бепоён ўлка" қаердасан деб, мусофирчиликнинг йўлини тутди. Шу билан Россияга ишлагани кетди. Кунларнинг бирида,  тез орада  ватанга қайтиб, уйланиш орзусини онасига тўлқинланиб айтади. Бир йилда жамғарган маблағи тўй, машина учун етиб ортишидан  мақтанади. Онаси бир йиллик хизмат хақи бу суммани тутмаслиги, ортиғини қаердан олганини хавотирланиб сўрайди. Унинг жавобига кўра,  ресторанда бирга ишлаётган дўсти сабаб интернет ўйинига аъзо бўлган, тиккан пули хар куни фоизга ортаётгани, пулига пул қўшилгандан, уйга  каттароқ пул билан  қайтишини таъкидлайди. Онанинг аҳволини тушунаверинг. Бағридан узоқлиги бир дард бўлса қилмиши бошқа дард. Важоҳати дунёни бузадиган отаси чўкиб қолди. Бутун оила ўғилни таҳликали  тўрдан  ечиб ололмай, эзилиб яшадилар. Фарзанд деганлари отса отилмас, сотса сотилмас бўлса. Начора ...

Болага узоқ вақт дакки беришди. Ўйинга ошиқ бўлиб, кўнгил кўзи кўр бўлган одам  қулоққа гап олармиди? Асло ... Бу орада онаси менга дардини ёриб қолди. Узоқ йиллардан бери Россияда яшаб, ишлаб юрган жиянларимдан ёрдам беришларини сўради. Лекин, жиянлар қандай ёрдам бера оларди? ..  Россия ичидаги маҳаллий қўнғироқдан бир-икки насихат,  борингки,  ёнларига чақириб олишлари мумкин.  Афсуски, бу  йўл ечим бўлолмасди. Қўнғироқ ёки манзил ўзгариши муаммога бархам беради дейиш хомхаёллик эди.

Онага қалбан ачиндим. Унга кичик  таклифимни қўллашини сўрадим. Миллий ва хорижий матбуотда онлайн ўйиннинг фожиали  оқибати хақидаги хабарларни ўғлингга  тинимсиз  юбор, дедим. Чўкаётган одам хасга ёпишибди, дегандай, салбий хабар таъсирида, ўйиндан воз кечиши мумкин  деган умид пайдо бўлганди. Тўғриси,  виждонини емаган йигит экан. Бир ой ўтиб, онасидан кечирим сўраб, телефон қилибди. Ўйиндан чиқиб кетгани, кўп хам, оз хам эмас бир қанча пулини бой берганини эътироф этибди. Расмга олиб юборилган совуқ хабарнинг оқибатини ўқиб, қўрқа бошлаганини яширмабди.

Хуллас, икки ой олдин ўша йигитча ватанга қайтди. Онасининг айтишича, интернет тугул, телефон ишлатишга хоҳиши йўқ эмиш. Тўй куни яқин, тўйдан кейин отасининг фермерлик ишини ўзи юритмоқчи. Россияни елкамнинг чуқури кўрсин деганмиш, хатто. Тўғриси, йигитнинг иродасига қойил қолдим. Субутли йигит экан. Ота-онаси учун, навқирон ниҳолнинг келажаги, оиланинг бутунлиги учун хурсанд бўлдим. Эҳтимол,  бу йўлдан қайтиши осон бўлмагандир. Қийналгандир, ким билсин. Лекин у қайтди. Жоҳилликдан зафар билан қайтди.

 

Муҳаббат НАЗАР,

журналист

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+