Янгиликлар 454
Камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш - устувор вазифа
Давлатимиз сиёсатида инсон манфаатлари, ижтимоий адолат тамойиллари устувор. Шу боисдан ҳам кейинги йилларда аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик борлиги тан олиниб, уни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилинди. Республикада камбағалликка қарши курашиш жараёнини янги босқичга олиб чиқиш, бу ишларга тадбиркорлик субъектларини манфаатли ҳамкорлик асосида жалб қилиш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш борасида бошлаган ишларни янги босқичга олиб чиқиб, “инсон – жамият – давлат” тамойили асосида ислоҳотларни қатъий давом эттиришни ўз олдига мақсад қилган. Мамлакатимизда иқтисодиётни барқарорлаштириш шароитида меҳнат бозорини такомиллаштириш, ишчи кучига амалда ҳақиқий талаб ва таклиф асосида бандликни таъминлашнинг ижтимоий муносабатлари ҳам бу борадаги амалга оширилаётган ислоҳотларнинг узвий давомчисидир. Зеро, аҳоли бандлигини таъминлаш аҳоли турмуш даражасини оширишнинг муҳим омилидир. Амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва ижтимоий ўзгаришларнинг самараси, биринчи навбатда аҳолининг моддий аҳволи ва фаровонлигини, унинг ҳаёт даражаси ва сифатини оширишга қай даражада таъсир кўрсатаётганлиги билан ўлчанади, албатта.
Ижтимоий ҳимоя масалаларида янгилик қилиш, ислоҳотларни янги босқичга кўтариш зарурати айни пайтдаги энг муҳим масала. Бироқ назариядан ҳам, амалиётдан ҳам маълумки, биргина иқтисодий ўсиш асносида камбағаллик билан курашиб бўлмайди. Бунинг учун давлат сиёсати даражасидаги жиддий саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Биринчи навбатда, иқтисодий ўсишнинг имкон қадар инклюзивлигини таъминлаш, иқтисодиётдаги ютуқлар халқ орасида тенг тақсимланса ва бундан аҳолининг заиф қатламлари ҳам баҳраманд бўлсагина камбағаллик қисқаради. Бу эса муайян чора-тадбирлар кўришни, аввало, янги иш ўринларини яратиш, таълим сифатини ошириш, тиббиёт хизматларини яхшилаш, ижтимоий дастурлар қабул қилиб, амалга оширишни тақозо этади. 11 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ишларини кейинги сифат босқичига олиб чиқиш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида бу борадаги ишлар сарҳисоб қилиниб, келгусида амалга ошириладиган зарурий чора-тадбирлар белгилаб олинди. Йиғилишда қайд этилганидек, камбағалликни қисқартириш мамлакатимизда 2020 йилда бошланган эди. Ўшанда 7,5 миллион ёки 23 фоиз аҳолининг даромади камбағаллик чегарасига етмасди. Ўтган йилларда 3,5 миллион одамни даромадли қилиш орқали 2023 йил якуни билан камбағаллик даражаси 11 фоизга тушди. Маҳаллада камбағалликни қисқартириш, тадбиркорлик лойиҳаларига 35 триллион сўм арзон кредит, 7 триллион сўм субсидия берилганлиги, маҳаллаларни обод қилиш, боғча, мактаб, тиббиёт, йўл, сув ва электр инфратузилмаси учун 120 триллион сўм ажратилганлиги бу борада мамлакатимизда изчил ислоҳотлар олиб борилаётганлигидан дарак беради. Шунингдек, йиғилишда давлат раҳбари томонидан бу борадаги ишлар ҳамма вилоят ва туманда ҳам бир хил даражада кетмаётганлиги, камбағаллик даражасини пасайтиришга барча ҳудудлар жиддий эътибор қаратишларини алоҳида таъкидлади. Қайд этилганидек, 16 та туманда аҳолига бўлиб берилган ерларда 2-3 мартадан ҳосил олингани ҳисобига камбағаллик 2 карра камайган. Лекин 14 та туманда бу борада ўзгариш сезилмаган. Президентимиз таъкидлаганидек, камбағалликни фақат пул тарқатиш, нафақа тўлаш билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун камбағал оила аъзоларини ўқитиш, касбга ўргатиш ва иш билан таъминлаш муҳим. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳокимликлар билан бирга бу йил ҳар бир маҳаллани тўлиқ хатловдан ўтказиб, “камбағал оилалар портрети”ни ишлаб чиқиб, камбағал оила бўйича индивидуал дастур бўлади. Иқтисодий комплекс эса оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш билан шуғулланади. Бунда энг катта масъулият туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари зиммасида бўлади.
Йиғилишда 2024-2025 йилларда одамлар ўзини ўзи банд қилиши, кичик ва ўрта тадбиркорлик билан шуғулланиши учун микрокредитлар ажратишга 10 триллион сўм берилиши, шунингдек, камбағал оилаларга 30 миллион сўмгача ускуна, кўчма дўкон, мотороллер, скутер каби воситалар 5 йилда бўлиб тўлаш шарти билан берилиши ҳамда камбағал оила фарзандларига компьютер сотиб олиш учун 5 йилга 2 йиллик имтиёзли давр билан фоизсиз кредитлар ажратилиши камбағаллик даражасининг камайишига, аҳолининг ижтимоий ҳимояси мустаҳкамланишига катта омил бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари савдо-саноат палатаси ҳузурида тадбиркорларга ишчи топиб, уларни тайёрлаб берадиган марказ ташкил қилиниши ўз навбатида тадбиркорга ҳам аҳоли бандлигини таъминлашда ҳам муҳим рол ўйнайди.
Умуман, давлатимиз раҳбари бу мақсад жуда кенг кўламли экани, унга барча ҳисса қўшиши кераклигини таъкидлади. Видеоселектор давомида тегишли мутасаддилар ҳисоботи эшитилиб, зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилиб, камбағал оилалар учун ажратилаётган маблағларнинг манзиллилиги ва самарадорлигини ошириш, масъулларнинг бу борадаги ишларини муҳокама қилиб, муаммоларни ҳал этиб бориш юзасидан вазифалар белгиланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур йўналишда жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибасидан унумли фойдаланишимиз соҳада амалга оширилаётган ишларнинг сифат жиҳатдан яхшиланишига кўмак беради. Бу борада, биз, барчамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз ва амалга оширилаётган ислоҳотларга камарбаста бўлишимиз даркор.
Жасурбек Қаршиев,
“Адолат”СДП Жиззах вилоят
Кенгаши раиси ўринбосари
Фикрингизни қолдиринг