Камчиликлар қандай тузатилади? Андижонлик “адолатчилар” ўз олдига ана шундай савол қўйди  

24.02.2022 14:02:28

 “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгашида 2021 йил якунлари ҳамда 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидан келиб чиқадиган вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят кенгаши фаоллари,  ҳудудий кенгашларнинг  раислари, “Ёш адолатчилар” ва Аёллар қаноти вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги Фармонидан келиб чиқадиган партия олдидаги вазифалар муҳокама этилди. Унда белгиланган ҳар бир вазифа жамият тараққиётига хизмат қилади. Жумладан, Фармонда кўзда тутилган халқимиз фаровонлигини ошириш, жамиятда инсон қадрини улуғлаш, ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби устувор вазифаларни амалга оширишда “адолатчилар” ташаббускор бўлмоғи лозим. Чунки бу сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар билан уйғундир.

андижонхисобот2_1

Таъкидланганидек, биз бугун шиддаткор даврда яшаяпмиз. Давлатимиз раҳбари бошчилигида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳар биримиздан янада фаол бўлишликни, янгиликлар билан ҳамнафас қадам ташлашни талаб этмоқда. Албатта бу йўлда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги ва маданиятини ошириш катта аҳамиятга эга. Айни шу маънода фаолиятимизни қониқарли, деб айта оламизми? Партия фаоллари ва маҳаллий Кенгаш депутатлари зиммасига юклатилган вазифалар  қай даражада бажариляпти? Камчиликлар қандай тузатилади?

Танқидий руҳда ўтган йиғилиш қатнашчилари олдига  юқоридаги саволлар қўйилди. 2021 йилда эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бир қаторда, йўл қўйилган камчиликлар ҳам санаб ўтилди. Бунинг асосий сабабларидан бири айрим партия етакчилари зиммасига юклатилган вазифаларга эътиборсизлик билан қараётгани, ташаббус етишмаслиги ва жамоатчилик билан ишлашда сусткашликка йўл қўйилаётгани. Балиқчи, Андижон, Олтинкўл ва Қўрғонтепа туман кенгашларининг раислари бундан ўзларига етарли хулоса чиқариши лозим.

2021 йилда вилоятда 148 маротаба сайловолди дастуримизда илгари сурилган вазифалар ижросига қаратилган тадбирлар ташкил этилган. Бу борада Жалақудуқ, Пахтаобод  ва Избоскан туманлари фаоллик кўрсатган бир вақтда айрим туманларда ташаббус етишмади. Бу ана шу ҳудудларда партиямизнинг роли сезилмаётганини кўрсатади.

Йиғилишда электорат билан ишлаш, партия сафига янги аъзолар қабул қилиш, депутатлик корпуслари фаолиятига ҳам эътибор қаратилди. Ҳудудларда қатор муаммолар мавжуд эканлигига қарамай партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари уларни ечимини топишда етарли иш ташкил этмаётгани танқидий кўриб чиқилди.

Қосимжон Қаюмов, “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

-Бугун ютуқлар билан мақтанадиган вақт эмас. Ҳар бир соҳада ривожланиш кузатилаётган экан биз ҳам фаолиятимизни талаб даражасида ташкил этишимиз зарур. 2021 йилдаги фаолиятимизни сарҳисоб қилишда шу сабаб масалага танқидий қарадик. Мақсад камчиликларни бартараф этиш.

Йиғилиш якунида амалдаги йилни муваффақиятли якунлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

“Адолат” СДП Андижон вилояти

 кенгаши матбуот хизмати. 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+