Янгиликлар 1616
Касаллик хуружи сабрни тушунармикан!?
Куни кеча ижтимоий тармоқларда «ГАИ ходими тез тиббий ёрдам автомобилини сабабсиз ўтказмаслиги – жиноят» сарлавҳаси остида видео тарқалиб муҳокамаларга сабаб бўлди. Мазкур видеода шифокорлар ЙПХ ходимидан тез ёрдамга чақирув бўлганини ва зудлик билан айтилган манзилга етиб боришлари лозимлигини айтишганлигини ва ЙПХ ходими эса кўча ёпиқлигини айтиб, «Сабр қилинг», деб жавоб берганлигини, кейин эса «телефонни йиғиштиринг», деб буйруқ берганлиги акс этган.
Маълум бўлишича, ходиса Термиз шаҳрида содир бўлган. Сабаби, жорий йил 15-17 июнь кунлари Сурхондарё вилоятида «Ёшлар фестивали» ўтказилиб, шу муносабат билан ЙПХ ходимлари хизматга жалб этилиб, айрим кўчаларда транспорт воситалари ҳаракати чекланган эди. ЙПХ ходимининг Тез ёрдам машинасини ўтказиб юбормаган ҳолати ана шу тадбир пайтида, Термиз шаҳар Навбаҳор кўчасида рўй берганлиги маълум бўлди.
Суриштирувларга кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан “Тез ёрдам"ни тўхтатиб турган ЙПХ ходимлари ўз хизмат вазифасига масъулиятсизлик ва лоқайдлик билан қараганликлари учун ишдан бўшатилганлиги аниқланди.
Ҳаёт синов ва тасодифлардан ҳоли эмас. Кутилмаганда рўй берадиган бахтсиз ходисалар, фавқулодда ҳолатлар пайтида ёки касалликлар хуруж қилганда ҳар қандай инсон шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож бўлади. Мамлакатимизда бу йўналишда шаклланган замонавий тиббий ёрдам тизими халқимизга тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатишда муҳим омил бўлмоқда. Аммо, тез тиббий ёрдам машинасининг айрим ҳолларда кечикишига бир қатор омиллар сабаб бўлмоқда. Бунда ҳеч бир айби бўлмаса-да кечикиб борган тиббиёт ходимининг руҳан ёки жисман зарар кўриши, тиббий ходимлар ва беморларнинг қариндошлари ўртасида зиддиятлар келиб чиқиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Бошқа соҳа вакилларининг кечикиши балки ҳеч кимга зарар қилмас, аммо тез тиббий ёрдамнинг кечикиши, бирор инсоннинг ҳаётини хавф остига қўйиши ёки ўлим билан якун топиши мумкинлигини таъкидлаш жоиз.
Аммо куни кеча ижтимоий тармоқда тарқалган видеода ИИБ ходимининг “Тез ёрдам”га қилган қўрслиги-ю, ноўрин ҳатти-ҳаракатини нима деб баҳолаш мумкин?
Шошилинч ва тез тиббий хизмат ходимидан, айтайлик, юрак хуружи тутаётган бир бемор ёрдам сўраб турган бир вақтда ИИБ ходимлари томонидан қилинган бундай ҳурматсизлик, беписандлик қайси мантиқ, қайси қонунларимизга тўғри келади?
Мазкур видеоёзувни кузата туриб ИИБ тизимида мана шундай мулоҳазаси йўқ манқурт, савияси паст шахслар фаолият юритяптимикан, деган шубҳа-гумонга борасиз.
Яна айтайлик, ўша ИИБ ходими астойдил хизмат вазифасини бажараётган экан, автойўл пиёдалар учун беркитиляпти экан, балки у тез тиббий ёрдамга рухсат бериш ёки бермасликни билмас ҳам экан, ўша вақтда вазиятни англаган ҳолда, юқори мутасадди раҳбарларига қўнғироқ қилиши, ўтказиб юбориши учун рухсат олиши ҳам мумкин эди-ку.
Тан олиш керак, бизнинг жамиятимизда кўпчилик қаторида ИИБ тизимида ҳам бу маданият шаклланмаганлиги кўриниб турибди Бундай ҳолатлар эса соғлиқни сақлаш тизимида ҳамон учраб турганлиги ачинарлидир.
Баъзи давлатларда тез тиббий ёрдам учун алоҳида йўлаклар ажратилган. Бу йўллар доимо очиқ туради. Шу билан бирга, «Тез ёрдам»га йўл бўшатиб бериш бўйича ҳайдовчиларда шахсий масъулият жуда юқори. Бу инсон ҳаёти қанчалар муҳим аҳамиятга эгалигига ишора. Мамлакатимизда кейинги йилларда бунёдкорлик ишлари жараёнида бу масалаларга алоҳида эътибор қаратилаётгани қувонарли ҳол, албатта. Аммо қилиниши керак бўлган ишлар ҳам талайгина.
Инсон саломатлиги ҳар недан-да устундир. Ҳар қандай шароитда кўмак сўраб турган бемор ва у томон ошиқаётган соғлигимиз посбонлари бўлмиш шифокорларга шарт-шароит яратиб, манзилга етиб бориши учун имконият яратиб бериш барчанинг вазифасидир.
Гулшод ТУРСОАТОВА,
Ўзбекистон “Адолат”СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг