Янгиликлар 1679
Кечиримлилик – бағрикенглик ифодаси
Миллий умумхалқ байрамимиз Наврўз арафасида, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан инсонпарварлик тамойиллари асосида, бир талай олийжаноб фазилатлар жамулжами сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги имзоланган Фармонга мувофиқ, 140 нафар фуқаро афв этилди.
Айтиш жоизки, афв – жамиятимизнинг инсонпарварлик ва адолат тамойилларига уйғун ва ҳамоҳангдир. Чунки жиноят содир этган шахс нафақат ўзининг, балки жигарбанди бўлган фарзандлари, ота-онасию қавму қариндошларининг ҳам келажаги ва тақдирига таъсир ўтказмасдан қолмайди. Озодликдан маҳрум бўлиш билан улар шириндан-ширин фарзандларини ўз меҳридан айириб, мўйсафид ота ва муштипар онасини фарзанд доғига мубтало қилади.
Шу сабабли, қилмишидан чинакам пушаймон бўлган шахсларни кечириш – қалби вайрон бўлиб яқин инсонини кутаётган бутун бир оилани янгидан ҳаётга қайтариш билан баробар. Бу эса юксак олижаноблик тимсолидир.
Мазкур инсонпарварлик акти давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда фуқаролар учун ғамхўрлигининг ёрқин мисолидир. Зеро, жиноятга қўл урган, боши деворга теккандан сўнг адашганлигини тушуниб етган одамларни афв этиш муқаддас динимизнинг ҳам асосий ғояларидан бири саналади.
Дарҳақиқат, жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун барчамиз бирдек масъулмиз.
Бундай бағрикенглик шу юрт фарзандиман деб, яшаётган ҳар бир инсонни тўлқинлантирмай қўймайди. Шундай улуғ байрамда яқинлари, оиласи, фарзандлари бағрига қайтиш, жазони ўташ жойидан озод бўлган инсонни ҳам, унинг яқинларини ҳам жонажон юртимизга садоқат билан хизмат қилишлари учун асос бўлгани аниқ. Эндинги вазифа афв этилган шахслар билан учрашиб, жойларда уларнинг яшаш шароити билан танишиб, бор эътиборни уларни ижтимоий мослаштириш, иш билан таъминлаш борасида депутатлар, профилактика нозирлари ва маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда фаолият олиб боришдан иборатдир.
Гулзира ШАРИПОВА,
“Адолат” СДП Бекобод шаҳар Кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Бекобод шаҳар Кенгаши депутати
Фикрингизни қолдиринг