Янгиликлар 1776
Кичкина порахўрлик ҳам катта зиёнга сабаб бўлади
“Қачонки ҳокимият халқ ишончини оқлаш учун эмас, шахсий бойлик орттириш мақсадида фаолият юрита бошласа, бу аҳлоқ муаммоси ҳисобланади. Узоқ вақт мавжуд бўлишини истаган жамият ҳалоллик принципига амал қилиши лозим, акс ҳолда миллат илдизи билан қурийди”, дея таъкидлаган Ли Куан Ю Сингапур халқига қилган мурожаатида. Дарҳақиқат, ушбу қимматли фикрлар орадан йиллар ўтиб ўзини оқлади ва натижасини кўрсата олди. Бугун дунёнинг ривожланган мамалакатлари қаторида Сингапур энг етакчи ва қудратли давлатларидан бирига айланди, десак муболаға бўлмайди. Сабаби порахўрлик, таъмагирлик бор жойда иқтисодий ўсишлар оқсоқлайди, мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Биз дунёнинг коррупциядан ҳоли мамлакатлари ҳақида кўп бора эшитганмиз. Айниқса, Сингапур давлати тўғрисида гап кетганда “коррупциядан ҳоли мамлакат” дея эътироф этилади. Кўпчилик экспертлар “Сингапур мўъжизаси”нинг туб негизида ва мамлакатнинг бошқа қўшни мамлакатларга нисбатан мислсиз тараққиётида коррупцияга қарши курашда амалга оширилган ислоҳотларнинг ўрни беқиёс бўлганини таъкидлашади. Бу қарашлар жуда тўғри ва қимматли фикрлардан биридир.
Муҳтарам Президентимиз ҳам давлат бошқарувининг дастлабки йилларидан бошлаб коррупцион иллатларга қарши кураш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини кўп бора таъкидладилар. Айниқса бу борада қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу иллатга қарши курашда дастуриламал бўлди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бугун коррупция келтирган зарарлар давлатнинг ҳам иқтисодий ҳам ижтимоий ва маданий соҳаларига ўз салбий таъсирини кўрсатиб, давлатни жаҳон майдонидаги ўрни йўқолишига ҳам олиб келади. Шунинг учун ҳам мамлакатимизда бугун ушбу муаммо энг долзарб иллатлардан бирига айланди, унга қарши курашда эса ҳар бир шахс ёки фуқаро аввало ўзида ички иммунитет ҳосил қила олиши, бир ёқадан бош чиқариши лозим, деб ўйлайман. Кичкина порахўрлик ҳам катта зиёнларга сабабчи бўлиб қолиши мумкин.
Р. ИСМОИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Қўшкўпир туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг