Кимки ҳалол яшаса, умр жуда узоқдир

15.03.2021 16:03:37

Баҳорнинг офтобидан қувониб,  фариштадай бўлиб ўтирган Қундузхон момо Ҳамдамовани бир қарашда юз ёшдан ошганига ишонгингиз келмайди. Ёнидаги радионинг овози у қадар баланд эмас. Дунё янгиликларини эшитиб, набираю чевараларига айтиб ўтирганига нима дейсиз. Қўлидаги баҳорнинг илк чечагини кўзларига сурта-сурта шукрона айтишида ҳам бир ҳикмат бор. Бу ҳаётдан розилик, ўз умридан хулосалар ва фарзандлари учун ибрат мактабининг ифодаси.  

Нигоҳлари ҳамон ўткир, қулоғи эшитадиган, юзидан кулгу аримайдиган момо тозаликни, ободликни яхши кўради. Айниқса, қора садарайхонни хуш кўради. Эрта баҳорда ҳовлисига гул экишга одатланган. Бу қалбининг тозалиги, меҳри тўлиб тошганидан бўлса керак. Йўқлаб кирувчиларга бирдек шундай дейди:

- Ҳеч кимнинг умрини қисқа яратмайди, уни ўзимиз қисқартирамиз.  Агар кимки берилган ҳаётдан оқилона фойдаланса, ҳалол яшаса умр жуда узоқдир...

Наврўз байрами арафасида Жалақудуқ тумани, “Туялас” маҳалласида яшовчи 102 ёшли бу онахонни йўқлаб келувчиларнинг кети узилмайди. Момо билан гаплашсангиз, тилидан бол томади. Кўп китоб ўқигани сўзларидан билиниб туради. Қаерда ишлашингиз, касбингизга қараб суҳбатлаша олади. Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаолларининг бу қутлуғ хонадондаги суҳбати раҳбарлик масъулияти, адолат ва ҳақиқат мавзусида кечгани ҳам бежиз эмас.

Қундузхон момо оддий ҳаёт кечирдим, десада не кунларни бошидан ўтказмади. Асакада туғилиб, деҳқон оиласида улғайди. Ҳамқишлоғи  Ҳамиджон ака билан турмуш қурди. Биргаликда далада ҳалол меҳнат қилдилар. Уруш йиллари  машаққатларга бардош беришнинг ўзи бўлмади. Кейинчалик Жалақудуқ туманига кўчиб келиб, адирликларда ишлади. Маҳаллада фаол сифатида ҳурмат топди.  

Онахон ҳар тонг дориломон кунларга етказгани учун қайта-қайта  шукрона келтириб, дуо қилар экан, юрт тинчлигини, тўкинликни сўрайди. Ўтган қийинчилик кунларини эслаб кўзларига ёш олади.

Қундузхон момо 9  фарзандни тарбиялаб камолга етказди. Уларнинг ортидан  45 нафар набира, қатор чевара ва эварали бўлди.  Ҳозирда уларнинг даврасида кексалик гаштини сурмоқда. Невара-чевараларини ёнига ўтқазиб, ўтган кунларини сабоқ бўлсин, деб ҳикоя қилиб беради. Улар баъзида бундай эртакнамо ҳикояларга ишонса, баъзан ишонмайдилар. Лекин бувижонларининг матонатларига қойил қоладилар.

Ширинсўз, бағрикенг онахон  эвараларига алла айтиб, бешик  тебратганида қўшни аёллар йиғилиб қулоқ тутадилар. Чунки аллаларида  маънавият, тарбия, оналик меҳри мужассам. Нолиш нималигини билмайди.  

Маҳалламиз шу онахон туфайли файзли ва баракотли, дейди туяласликлар. Кимки янги бир иш бошласа Қундузхон онанинг дуосини олади. Янги оила қурганлар ҳам унинг олдига шошади.

“Туялас”нинг  Наврўз шодиёналари айнан шу хонадондан бошлангани  бежиз эмас.  Кексаси бор уйнинг файзи бор, деганлари шу бўлса керак.

Акбаржон НАЗАРОВ

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+