Янгиликлар 1810
Китоб ўқишдан фойда нимада?
Бизда одамларнинг бир-биридан китоб сўраб олиб ўқиши, китоб дўконларидан янги босилган китобларни олиб келишлари, бир-бирига “фалон китобда мана бу ёзилибди, мана бу китобни ҳавас билан ўқиб чиқдим, болалар тарбиясида мана бу китобдан фойдаланса бўлар экан” деган мулоҳазали гапларини қанчалик кўп учратаяпмиз?
Менимча, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишларида мактаблар кутубхоналарининг ўрни катта. Сабаби ҳозир қишлоқ жойларда авваллари мавжуд бўлган кутубхоналар ёпилиб кетди. Биласиз, бундан 5-10 йиллар аввал ҳар 7-8 та қишлоқда битта кутубхона бўларди. Улардаги китоблар коллежлар кутубхоналарига ўтказилганди. Эндиликда мактаблар кутубхоналаридаги бадиий китоблар кучидан кўпроқ фойдаланиш, болаларни тўғри йўлга бошлашда самаралироқ бўларди.
Баъзи мактабларга борганимизда ва мактаб ўқувчилари билан суҳбат олиб борганимизда кутубхоначиларнинг бадиий китобларнинг тарғиботига аҳамият беришмаётганини айтишди. Аммо бу шундай маърифат ва маънавият масканининг ўқувчилар қалбида китобхонликка ҳавас ва иштиёқ уйғотишда тўғри фойдаланилмаётганини билдиради.
Менимча, ҳар бир мактаб кутубхонасида Алишер Навоий, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Одил Ёқубов, Ҳамид Олимжон, Ойбек, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов ва бошқа забардаст ўзбек шоир ва ёзувчилари, рус адабиётидан Лев Толстой, Фёдор Достоевский, Александр Пушкин, Лермонтов, жаҳон адабиётидан болалар учун эртак, қисса ва ҳикоялар битган ёзувчи-шоирларнинг китоблари бўлса керак. Аммо негадир мактабларда бу тарғибот пастдай.
Агар ҳар ойда битта ёзувчи ва битта шоирнинг бирон китоби ё алоҳида олинган асаридан фойдаланиб, китобхонлик кечасими ё мушоирами, доимий, узлуксиз ташкил қилинса, бу болалар дунёқарашини кенгайтиришда жуда катта аҳамиятга эга бўлади.
Китоб тарғиботида мактаб психологи, ёшлар етакчиси, маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари ва кутубхоначилар болалар онгига етадиган тарзда иш олиб боришлари керак. Шунда болаларимизда миллий маънавият, мустақиллик, ўтмиш анъана ва қадриятлари, мумтоз адабиётимиз ҳақида озмунча тушунча пайдо бўлади. Бу дунёда китоблар шунчалик кўпки, уларни бир инсон бир умр ўқиб-ўрганса ҳам адоғи, охирига етолмайди. Шунинг учун болаларни болаликдан шунга ўргатиш керак. Оилани қадрлаш ва мустаҳкамлаш, иқтисодни ўрганиш, одамларнинг кўнглини топиш, фикрлаш, ота-онага итоат қилиш, оилада меҳнатга ўрганиш, жисмоний ва ақлий меҳнатнинг кучини ҳис этиш, ўз кийимлари, дастурхони, уйи, томорқаси, мактаби, ватани, уйидагиларининг қадрига кўпроқ етишни ўргатади китоблар. Бу болаларни табиий ва гўзал тарбияга ўргатиб боради.
Ҳатто 30-40, ҳатто 60 ёшида ҳам китоб ўқиб бориши кераклигини ёдига солиб турадиган бўлади. Баъзи одамлар 30-40 ё 50 ёшга кирганларида “бўлди, энди ҳеч нарса ўрганмасам ва ўқимасам ҳам фикрларим ҳамма нарсага етади” деб ўйлайди. Бундай одамлар “Менга фақат дастурхон бўлса бўлди” дегандай гап. Аммо бу келажак авлод тарбиясида нотўғри оқибатларни келтириб чиқаради. Ахир замон талаб қилганидай болаларнинг онги доимий ошиб бориши керак. Ана шунда қишлоғимизда, маҳалламизда, туманимизда одамларнинг онги ўзгариб, фикрлари кенгайиб боради.
Тўлқин АБДУАЛИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Пайариқ туман Кенгаши раиси
Фикрингизни қолдиринг