Янгиликлар 1714
Кластер иқтисодиётимиз ривожига хизмат қилади
Кейинги йилларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида янги йўналиш – кластер тизимига ўтиш бошланди. Хўш, кластер тизими қишлоқ хўжалигига нима беради? Ушбу савол юртдошларимизни ўйлантирди. Сабаби ижтимоий тармоқларда кластер усулига ўтишда айрим фермерларнинг ери тортиб олинаётгани борасидаги асоссиз чиқишлари ҳам тез-тез кузатилиб турилди.
Жаҳон тажрибасида кластерлар фермерларнинг ихтиёрийлик асосида бирлашувидан юзага келади. Чунки, кластер тизими дунёдаги бир қанча йирик давлатларда ўз самарасини кўрсатган. Аммо, айрим фермерлар кластернинг фойдасини ҳалигача тушина олмагани, бироз кўнгилни хира қилади.
Давлатимиз раҳбарининг Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали тадбирларининг бирида сўзлаган нутқидаги “...пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулига биз Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз”, деган фикрларини билдириб ўткан эди.
Республика ҳукумати ушбу амалиётни пахта саноатига кенг кўламли тадбиқ этишга қарор қилди. Тахминан бир хил шарт-шароитларда, жумладан, биринчи агрокластерга берилган солиқ имтиёзларида, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, фаолиятдаги мустақиллик ва бошқа шунга ўхшаш шартларда, республиканинг барча ҳудудларида пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилди.
Пахта экиш, тарбиялашдан то тайёр маҳсулотгача бўлган жараённи ягона технологик тизимга бирлаштирган ушбу усул соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичи ҳисобланади. Бунда илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграцияси чуқурлашади, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишга қулай шароит яратилади.
Аввал фермерларимиз бевосита «Ўзпахтасаноат» билан шартнома тузиб, уларни пахта толаси билан таъминлаб берган. «Ўзпахтасаноат»дан эса тўқимачилик корхоналари пахта сотиб оларди. Сир эмас бу борада айрим пайтларда узилиш пайдо бўлди. Яъни бизда керакли пайтда керакли сифатдаги хомашё топишда муаммолар пайдо бўлган.
Тўқимачилик корхоналари ҳозир пул, техника-технология кўринишида қишлоқ хўжалигига инвестиция киритмоқда. Бу сармоялардан ютадиган биринчи навбатда – фермердир. Чунки киритилаётган сармоядан ҳосил ошиб боради.
Бу, ҳосилдорлигида кафолати бўлмаган фермерликдан кафолатланган ойликли тизимга ўтиш дегани. Айни вақтда кластер йўналиши иқтисодиётнинг барча тармоғи учун истиқболли эканлиги кундалик ҳаётимизда намоён бўлмоқда.
Дауит АБИБУЛЛАЕВ,
партия фаоли, журналист
Фикрингизни қолдиринг