Конференцияда Қурултойга делегатлар сайланди

28.08.2021 14:08:36

Термиз шаҳридаги Матбуот уйида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси  Сурхондарё вилоят  Кенгашининг IX  Kонференцияси бўлиб ўтди. Унда  маҳаллий Кенгаш депутатлари, фаоллар, фахрийлар, туман, шаҳар Кенгашлари раислари, “Ёш адолатчилар” ва Аёллар қаноти вакиллари, анжуманга  сайланган делегатлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Конференцияда кун тартибидаги  “Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси Х Қурултойига делегатларни сайлаш тўғрисида”ги масала юзасидан   партия вилоят Кенгаши раиси Рустам Ҳамраев маъруза қилди.

Дарҳақиқат,  сиёсий куч  аъзолари ўтган сайловлардан кейинги  йиллар  давомида сермаҳсул фаолият олиб бордилар. Улар томонидан ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий соҳаларга оид 300 дан ортиқ давра суҳбатлари, семинарлар, учрашувлар ташкил этилди. Ўтказилган  ҳар бир тадбир орқали “Адолат” СДПнинг фаолият дастури, мақсад ва вазифалари ҳамда  ғоялари  билан фуқаролар  мунтазам таништириб борилди. Вилоят Кенгаши хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга  ҳам  жиддий эътибор билан қараб келмоқда. Бугун вилоят партия аъзоларининг сони 39 934  нафардан ортиқ бўлса, уларнинг  9716 нафарини ёшлар, 11800 нафарини эса хотин-қизлар  ташкил этади. Бошланғич партия ташкилотлари  ҳозир 470 тани ташкил этмоқда.  Партия фаоллари  шу кеча-кундузда   кўпроқ эътиборни тарғибот-ташвиқот ишларига қаратмоқдалар.

Айтиш керакки, мустақил мамлакатимиз ҳаётида демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, эркин фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлаш партиядошларимиздан фаолликни, ташаббускорликни талаб этмоқда. Айниқса, жорий йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлиб ўтадиган сайлов арафасида партиямизнинг омма ўртасидаги мавқеи, эътибори амалий ишларимизда кўпроқ ифодасини топиши, халқ билан ҳамжиҳатлик, якдиллик сиёсий мақсадларимизни амалга оширишга хизмат қилиши керак. Мазкур  сайловда партиямиз аъзоларининг кенг иштирокини таъминлаш жуда муҳим. Конференцияда ҳозирданоқ барча сайлов участкаларига партиядан масъул кишиларни тайинлаш, маҳаллаларда партиямизнинг кенг мақсад-вазифаларига бағишланган оммавий-сиёсий тадбирларни юқори савияда уюштириш лозимлиги, шунингдек, ҳар бир сайлов участкасига қўйилаётган кузатувчи ва ваколатли вакиллар учун сиёсий-амалий ўқувлар ўтказиш зарурлиги хусусида айтиб ўтилди.  Ижтимоий адолат ғояларини қарор топтириш, сайлов жараёнида барча тарғибот-ташвиқот усулларидан кенг фойдаланиш, камчиликларга муросасизлик, сиёсий воқеалар марказида бўлиш партиявий фаолият изчиллигини таъминлайди. Шу хусусда маърузачилар томонидан бўлғуси сайловга ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўриш, сиёсий жараёнга  масъулият билан ёндашиш таъбир жоиз бўлса партиямизнинг энг катта обрўси эканлигини унутмаслик зарурлиги, одамлар орасига партиямиз ғоялари билан дадилроқ кириб, уларнинг дардига қулоқ тутиб, муаммоларига ҳозиржавоб бўлиш зарурлиги такрорлаб ўтилди.

Конференцияда сўз олганлар музокараларда қатнашиб, барча жабҳада ташаббускорликни қўлдан бермаслик, сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш юзасидан фикр мулоҳазаларини билдирдилар.

Конференцияда партия Сиёсий Кенгаши Х Қурултойига вилоят партия ташкилотларидан 16 нафар делегат сайланди.

 Кун тартибидаги масала буйича Конференциянинг қарори қабул қилинди.

     

                                                                            Гулшод ТУРСОАТОВА,

 Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+