Кўнгилдаги ниятлар ижобат топмоқда

27.01.2021 17:01:45

Ҳаммамизга маълумки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ мамлакатимизда сайловлар декабрь ойининг учинчи декадаси биринчи якшанбасида ўтказилар эди.

Бунинг азобини биз сиёсий партиялар вакиллари, сайлов комиссиялари аъзолари ва унга жалб қилинган кўнгиллилар яхши биламиз. Сайловолди ташвиқоти даври қишнинг энг совуқ кунларига тўғри келади. Номзодларнинг сайловчилар билан учрашувлари, бошқа кўринишдаги сайловолди ташвиқотлари кўплаб одамларнинг шамоллаб қолишига сабаб бўлганлиги ҳам бор ҳақиқат.

Сайлов даврида участка сайлов комиссиялари аъзоларининг совуқ кунларда сайлов участкаларида бўлиши, айниқса, сайлов кунлари эрта саҳардан қишлоқ жойларда, тоғ ораларида, бир неча қир наридан сайлов участкасига етиб келиши, булар орасида аёлларнинг бўлиши жуда ҳам кўп ташвишларга, норозичиликларга сабаб бўлган.

Мана эндиликда бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан бу масала ечимини топмоқда. Депутатлар томонидан киритилган қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 117-моддаси 2-қисми қуйидаги мазмунда ўзгартириш таклиф қилинмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар”.

Бу албатта, биз – халқимиз кутган натижа. Агар ушбу қонун қабул қилинадиган бўлса, сайловолди ташвиқотлари куннинг илиқ кунларида амалга оширилади, сайловлар совуқ кунларга қолмасдан ўтиб бўлади ва халқимизнинг ҳаловати йўқолмайди.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, унинг электорати, хайрихоҳлари ва кўпмингсонли аъзолари ушбу қонуннинг қабул қилиниши сайловларни эмин-эркин ўтказишнинг адолатли ечими, деб билади.

Абдукамол РАХМОНОВ,
 Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий кенгаши
раисининг ўринбосари

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+