Конституция – фуқаролик жамиятининг тамал тоши

08.12.2020 11:12:48

Конституция – тузук дегани. Бу эски туркий тилимиздаги тузмоқ феъли асосида юзага келган. Амир Темур тузуклари ҳам ўзига хос бир конституция десак, янглишмаймиз. Бобомиз тузукларида ҳам миллий қомусимиз сингари инсонпарварлик ғоялари билан бир қаторда “Давлат қонунлар асосида қурилмас экан, ундай салтанатнинг шукуҳи, қудрати ва таркиби йўқолади”,  деб алоҳида таъкидланган. Бир сўз билан айтганда, бугунги конституциямиз мустақиллигимиз тузугидир.

Бугун биз нимагаки эришган бўлсак, мана шу қомусимиз туфайли эришдик. Конституция инсонни инсон сифатида яшашини, эркин фикрлашини таъминловчи, таъбир жоиз бўлса, раҳбар ҳужжатдир. Конституция – мустақиллигимизнинг энг катта ютуғи ҳамдир. У шунчалар мукаммал асарки, кишининг барча эҳтиёжларига унда жавоб бор.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг деярли барча принципиал қоидаларини ўзида мужассамлантирган, 128 моддадан иборат Асосий Қомусимизнинг 30 дан ортиқ моддаси бевосита инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Конституция куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табригида Конституциямизда ўз ифодасини топган адолат принципини амалда таъминлаш бўйича катта ишлар олиб борилаётгани таъкидланди. Одамларда эркин меҳнат қилиш, ишбилармонлик ва тадбиркорлик ривожи ҳисобига камбағалликдан чиқиш тажрибаси ва кўникмаси шаклланаётгани қайд этилди.

Бинобарин, асосий қомусимизда инсоннинг ижтимоий ҳуқуқларига катта эътибор қаратилган бўлиб, айниқса меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш, ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, ижтимоий таъминотдан бахрамандлик каби ҳуқуқларни алоҳида конституциявий даражада эътироф этилган.

Конституциямизда инсон саломатлиги каби бебаҳо неъматга махсус тўхталиниб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи қайд этилган. Ушбу конституциявий нормани амалда тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”, “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”, “Аҳолини сил касаллигидан муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Аҳоли ўртасида микронутриент етишмаслиги профилактикаси тўғрисида”, “Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида”, “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида” каби қонунлар қабул қилинди.

Президент табригида ҳам бу ҳақида тўхталиниб, асосий қонунимизда кафолатланган малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ва кучли ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича ҳар бир инсоннинг ҳуқуқларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишда барча имкониятлар ишга солинаётгани таъкидланди.

Маълумки, ҳар қандай жамият ва давлат тараққиётининг энг муҳим шартларидан бири – бу таълим сифати ҳисобланади. Шу мақсадда Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури, “Таълим тўғрисида”ги Қонунлар шулар жумласидандир.

Бугун “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади”, деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Президент табригида ушбу масалар алоҳида тилга олингани бежиз эмас. Зеро, буларнинг барчаси Янги Ўзбекистоннинг янги Ренессанс  даври пойдеворини яратишга хизмат қилади.  

Конституция нафақат ҳуқуқ ва эркинликларни мустаҳкамлади, балки уларни амалга оширишнинг реал имкониятларини таъминлаш чора-тадбирларини, кафолатларини ҳам яратди. Хусусан, Конституция ва қонунларнинг устунлиги сўзсиз тан олиниши, демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилиниши, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кабилар кафолатланди. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиз деб эълон қилиниб, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас, деб белгилаб қўйилди.

Айниқса 2016 йил 28 декабрдаги Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси, жойларда виртуал қабулхоналар тизмида  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш хизмати тузилганлиги бу борадаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди.

Биз, “Адолат” СДП фаоллари аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим деб ҳисоблаймиз. Биз коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этамиз. Президент нутқида ҳам коррупция – бу давлатимизни ич-ичидан емириб, миллий хавфсизлигимизга раҳна соладиган ғоят хатарли таҳдид дея баҳоланди ва унга қарши муросасиз кураш олиб боришга чорланди.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, Конституция ва қонунларимизни янада такомиллаштиришни бугун ҳаётнинг ўзи тақазо этмоқда. Инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган Асосий қонунимиз “догма” яъни қотиб қолмаслиги, ҳаётимизга мос ва хос равишда такомиллашиб бормоғи лозим. Шу нуқтаи назардан, Президентимиз томонидан халқимиз манфаатларига, ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришга хизмат қиладиган қонунларни қабул қилиш, давр талабларига жавоб бермайдиган қонун ҳужжатларини бекор қилиб, қонунчилик базасини ихчамлаштириш, бизнес фаолиятини тартибга солиш борасидаги ортиқча нормаларни камайтириш зарурлиги ҳақидаги таклифлари айни ҳақиқатдир.

Албатта, ушбу вазифаларни бажаришда сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти институтлари, шу жумладан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси янада фаол бўлиши талаб этилади. Президентимиз томонидан илгари сурилган мақсад ва вазифаларни ҳаётга изчиллик билан тадбиқ этиш учун махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиши бу жараённинг тезлашувига амалий замин бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Президентимизнинг “Бир ҳақиқат ҳаммамизга аён бўлиши керак: барча соҳаларда амалга ошираётган ислоҳотларимиз қатори жамиятимизда очиқлик ва ошкоралик, ўзини ўзи танқид ва демократик янгиланиш жараёнлари энди ҳеч қачон ортга қайтмайди ва биз бу йўлни қатъий давом эттирамиз” дея айтган фикрлари барчамизга шижоат бағишлади. Жамиятда ижтимоий адолат ўрнатишга бел боғлаган “Адолат” социал-демократик партияси фаоллари ҳам ўз олдиларига тегишли вазифаларни белгилаб олдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган норма ва принциплар демократик ҳуқуқий давлат қуриш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Нафақат қабул қилинган, балки ҳозирги кунда тайёрланаётган, қабул қилиниши кутилаётган қонунлар ҳам Конституциямиз кўзда тутган – инсон манфаатларига йўналтирилгандир.

Эришилгaн бундaй мaррaлaр биз ўз oлдимизгa қўйгaн, юксaк мaқсaдгa қaрaтилгaн узoқ вa мурaккaб йўлнинг бир қисми. Конституциямизда назарда тутилган ғоялар эса демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни, фуқаролик жамиятини ривожлантириш сари тўхтовсиз ҳаракат қилишни, бунинг учун, ҳеч шубҳасиз, Асосий қомусимизда белгиланган барча эзгу ғояларни тўлақонли рўёбга чиқаришни, хар бир хатти-ҳаракатимиз ҳуқуқий билим ва ҳуқуқий маданиятга таянишни тақозо этади.

Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

 

                                                    

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+