Конституция – халқимиз олий иродасининг қонуний ифодаси

09.12.2020 16:12:48

 

Конституциямиз қабул қилинганлигига ҳам 28 йил бўлмоқда. Бу даврда Конституция халқимизнинг бахт-саодати, ҳуқуқларимизнинг мустаҳкам кафолати, одамларнинг тинч ва фаровон ҳаётининг тамал тоши, давлатимиз ривожининг муҳим дастуриламали сифатида мустақил тараққиёт йўлимизда катта аҳамиятга эга ҳужжат сифатида ўз аҳамиятига эга бўлди.  

 Конституциямизни тафаккур ила англаш, унда кўрсатилган модда ва бобларни, бўлимларни ўрганиш инсоннинг давлат ва жамият, қонун ва ҳуқуқий камолот, халқ ва фуқаро каби тушунчаларнинг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда ўрнатилган қонун қоидалар ҳақида тўлақонли тасаввурини уйғотади. Бугунги кунда ўзини шу юрт фарзандиман дейдиган, ҳар томонлама уйғун ривожланган, давр талабига мос деб биладиган ҳар қандай киши энг аввало конституциямизни ўқиб-ўрганиши ва ундаги модда ва бобларни тафаккур қилиб юриши лозим. Бу унинг келажак ишларида катта дастуриамал бўлади. Зеро, халқимизнинг келажакка, ёруғ кунлар сари чорлаган, ззгу мақсадлар теварагида бир жон – бир тан қилиб бирлаштириб, синовлардан ўтишида руҳий ва маънавий мадад бўлган, бош қомусимиз инсон ҳақида ғамхўрлик, унинг қонуний мафаатларини ҳимоя этиш, хуқуқларини таъминлашнинг асосий тамойили ҳисобланади.

 Бу бебаҳо ҳужжатда ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолатланган, Бош қомусимиз асосида қабул қилинган қонун ҳужжатлари ҳар гал янгидан-янги имкониятлар эшигини очиб, манфаатларимиз рўёбга чиқиши, ташаббуслар қанот ёзишига, ўз салоҳиятимизни олам аро намоён этишга хизмат қилиб, мамлакатимиз тараққиётнинг янги-янги босқичларида дадил одимламоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Конститутциямиз -  инсонларнинг яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, фикрлаш, сайлаш ва сайланиш, никоҳ тузиш, тиббий хизмат турларидан, турар-жой дахлсизлигидан, тил ва эътиқод, сўз эркинлигидан фойдаланиш ҳуқуқларининг асосий кафолатини таъминловчи Қонун сифатида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини олий даражага кўтарди. Унда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало, инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида белгилаб қўйилди.

Бундан кўриниб турибдики, Конституциямизнинг энг юқори чўққисида инсон, фуқаро ва унинг қонуний манфаатлари қўйилган. Шу билан бир қаторда, асосий Қомусимиз улкан маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга. Унда инсонпарварлик ҳамда адолат ғоялари мустаҳкамланган, унинг замирида ўзбек халқининг бой ички маънавий дунёси, саховати ва маданияти акс этган. Ҳақиқатдан ҳам, оналарга, аёлларга чексиз ҳурмат, болажонлик, етимларга мурувват, меҳр-шавқатлилик, оила мустаҳкамлиги учун ғамхўрлик, фарзанд тарбияси ва соғлом авлод учун курашиш халқимизнинг меҳрибон ва сахий қалбини, улуғвор салоҳиятли табиатини намоён этувчи фазилатларнинг барчаси Конституцияда ўз аксини топган.

 Асосий қонунимизда кўппартиявийлик тизимининг эркин фаолияти, сиёсий партиялар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг шаклланиши ва ривожланишига доир ҳуқуқий асослар белгилаб қўйилган. Фуқароларнинг ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш, давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқлари кафолатланган.

Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам, аввало, Конституциямизда мустаҳкамланган меъёрлардан келиб чиқиб, ўз фаолиятини олиб бормоқда. Хусусан, Бош қомусимизнинг 7-моддасида қайд этилган “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан бир манбаидир” тамойилига амал қилган ҳолда партиянинг “Фракция-марказ-вилоят-туман” тизими асосида қонун лойиҳаларини партия тузилмаларида, депутатлик гуруҳларида муҳокама қилиш ва билдирилган таклиф-мулоҳазаларни фракцияга тақдим этиш вазифаси қўйилган. Мазкур концепция асосида 10 га яқин қонун лойиҳалари жойларда муҳокамадан ўтказилиб, 40 га яқин таклифлар берилди.

Шуни эътироф этиш лозимки, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳам  Конституциянинг жамиятдаги ўрни ва аҳамиятини, мазмун-моҳиятини халқ, айниқса, ёш авлоднинг ҳуқуқий онги, тафаккури ва маданиятига сингдириш, қонунга нисбатан юксак ҳурмат муҳитини яратиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро ўзининг конституцияда мустаҳкамланган ҳуқуқ, эркинлик ва бурчларини тўла идрок этиш орқали ўзлигини мукаммал англаб етишишига эришиш учун ёш авлод вакиллари ўртасида турли лойиҳаларни, уларнинг иқтидор ва салоҳиятларини рўёбга чиқариш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган аниқ чора-тадбирлар белгилаб, жойларда учрашув ва давра суҳбатлари ўтказмоқда. Хулоса қилиб айтганда, миллати, ирқи, дини, тили ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, ёшлар тўғрисида ғамхўрлик қилиш, янги авлодни ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоялаш, миллий, маданий анъаналарнинг авлоддан-авлодга ўтишига эришиш, ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, фаоллигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда Конституциямиз ва унинг асосида қабул қилинаётган қонунларга юксак ҳурмат ва эътибор билан муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш бугунги кунда ҳар бир депутатнинг асосий вазифаси бўлмоғи лозим. Зеро, қонун устувор юртда адолат қарор топади.

Дарҳақиқат, ўтган 28 йил давомида мамлакатимиздаги туб ислоҳот ва ўзгаришларнинг барчаси Конституциямиз асосида амалга оширилмоқда. Бу эса унинг ҳақиқатдан ҳам халқимиз манфаатларига, давлатимизнинг стратегик мақсадларига тўла жавоб берадиган, ҳар томонлама пухта ишланган муҳим сиёсий ҳужжат эканидан далолат беради. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, албатта. Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.  Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўзининг кенг қамровли ғоя, мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда бу жараёнда фаол иштирок этаверади.

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси,

Самарқанд шаҳар кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+