“Конституция хиёбони” – Конституциянинг жонли рамзи бўлади

13.09.2024 12:09:40

Конституция — бу давлатнинг қалбида ёзилган энг муҳим саҳифа, унинг суверенлиги ва адолатпарварлиги рамзидир. Бу оддий ҳуқуқий нормалар мажмуи эмас, балки ҳар бир фуқаронинг юрагида яшайдиган қадриятлар, умид ва ишонч тимсоли ҳисобланади. Мазкур ҳужжат давлатнинг нафас олиш ритмини белгилаб беради ва унинг ўз йўлида дадил қадам ташлаши учун йўлчи юлдуз вазифасини ўтайди.

2023 йил 30 апрелда халқимиз иродаси билан қабул қилинган янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимиз тарихида янги саҳифа очди. Умумхалқ референдуми орқали қабул қилинган ҳужжат нафақат давлат бошқаруви, балки инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда янги даврни бошлаб берди. Конституциядаги моддалар 128 тадан 155 тага, ҳуқуқий нормалар эса 275 тадан 434 тага кўпайди. Конституция қайта кўриб чиқилиб, замон талаблари ва халқимиз орзу-интилишларига мос равишда 65 фоизга янгиланди.

Бу ўзгаришлар натижасида, Конституция, худди маънан янгиланган саҳифалардек, Ўзбекистон келажагига илҳом берадиган ҳуқуқий мажмуага айланди. Янги ўзгаришлар ҳар бир фуқарога янада кўпроқ ҳуқуқлар, имкониятлар тақдим этди. Бу нафақат қонунлар йиғиндиси, шу билан бирга ёрқин келажак сари дадил одимлаётган халқимизнинг буюк шижоати, ҳуқуқ ва эркинликларнинг кафолати бўлди.

Буни чуқур англаган ҳолда “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг сайловолди дастурида ҳар бир минтақада, жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) марказларида Конституциянинг рамзий монументи ўрнатилган “Конституция хиёбонлари”ни барпо этишни таклиф қилади.

Партия бу таклиф орқали қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янада мустаҳкамлаш фаолиятининг асосий йўналиши эканлигини кўрсатмоқда. Бундай хиёбонлар ҳуқуқий ва сиёсий аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, халқнинг Конституцияга нисбатан ҳурмати ва унинг қонунларига риоя қилишга бўлган масъулиятини кучайтиради. Бу каби хиёбонлар ёшлар ва барча фуқаролар учун ҳуқуқий таълим ва тарбиянинг муҳим манбаи сифатида хизмат қилиши мумкин.

“Конституция хиёбони” Конституциянинг жонли рамзи бўлиб, фуқароларни конституциявий нормалар риоя қилишга, уларни қадрлашга даъват қилади. Конституциянинг рамзий монументи билан безатилган бу каби хиёбонлар ҳар бир инсонга қонуннинг муқаддаслиги ва давлатнинг барқарор ривожланишида адолатнинг нечоғли муҳим эканлигини ҳис қилишга имкон беради деб ҳисоблаймиз.

Таклиф – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) марказларида Конституциянинг рамзий монументи ўрнатилган “Конституция хиёбони” барпо этиш.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+