Конституция – миллий ғурур ва инсон қадри тимсоли

11.12.2022 10:12:16

Мана 30 йилдирки, Конституциямиз инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида белгилаб, мамлакатимизда тинчлик, ҳуқуқ-тартибот, фаровонлик ва тараққиёт кафолати бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Ўттиз йил – тарих учун бир лаҳза, холос. Шу қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз мустақил ва суверен давлат сифатида шаклланиб, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллади, том маънода улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди. Ана шу машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимизни, энг аввало, Конституциямиз билан боғлашимиз, албатта, бежиз эмас. Нега деганда, Асосий қонунимиз халқимиз узоқ йиллар орзу қилган миллий мустақиллигимиз ва ривожланиш йўлимиз, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини белгилаб берди.

Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир. У ҳеч кимга қарам бўлмасдан, эркин ва озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб келмоқда. Бозор муносабатларига асосланган ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида сўнгги тўрт йилда амалга оширилган жадал ислоҳотлар Асосий Қонунимизни янгича англаш, унинг мазмун-моҳиятини кенг тафаккур этиш ва қоидаларини ҳаётимизда изчил тадбиқ этишга йўл очиб берди ҳамда зарур шарт-шароитлар яратди.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистонни янгитдан англаш “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилининг юртимизнинг халқаро нуфузини тобора ортишига ҳамда Ўзбекистоннинг глобал ва минтақавий миқёсда ташаббускор давлатга айланишига ҳам ишончли омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Эндиликда, Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг оддий иштирокчиси эмас, балки бугунги таҳликали ва мураккаб вазиятдан чиқиш бўйича фаол ташаббускор давлат, халқаро ҳуқуқ ижодкори бўлиб тан олинмоқда. Биргина пандемия даврида давлатимиз раҳбари пухта ўйланган ва стратегик аҳамиятга эга бўлган қатор конвенционал ва институционал халқаро ташаббусларни илгари сурди.

Зеро, давлат ва жамият ҳаётининг асосий тамойилларини белгилаб берувчи, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳуқуқий кафолати вазифасини ўтовчи Конституция – нафақат давлатчиликнинг муҳим рамзи, балки ҳар бир халқнинг миллий ғурури ва ўз-ўзини ҳурмат қилишининг ҳуқуқий тимсоли ҳамдир.

Республика Президентининг Конституциямизнинг 30 йиллиги байрами муносабати билан табригида халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олинган ҳуқуқий-демократик давлат, эркин фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб келаётган Асосий қонунимизнинг миллий тараққиётимиздаги ўрни ва аҳамияти беқиёслигига алоҳида баҳо берилди.

“Энг муҳими, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизнинг мазмуни, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши тубдан ўзгармоқда. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаро, миллати, тили ва динидан қатъи назар, жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзоси, ўз тақдирининг чинакам эгаси, мамлакатимиздаги барча ўзгариш ва янгиланишларга ўзини нафақат дахлдор, балки бу жараёнларнинг бевосита иштирокчиси, эркин ва бунёдкор инсон сифатида ҳис этмоқда. Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг қонуний кафолати бўлган, биз учун озод ва обод ҳаёт қуриш йўлини очиб берган Конституциямиз билан шу боис ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди, албатта.”

Шу билан бирга, бу йил биз ўзбекистонликлар учун жуда масъулиятли, фахрли ва тарихий йил бўлди. Янги Ўзбекистон талабига жавоб берадиган ҳамда уни барпо этишга бел боғлаган шижоатли халқи манфаатларини тўлиқ ва кенг кўламли кафолатлай оладиган янгиланган Конституциянинг ижодкори бўлишда барчамиз фаол бўлдик. Натижада, умумхалқ муҳокамаларида фуқаролар томонидан келиб тушган 150 мингдан ортиқ таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 76 та моддасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Конституциявий қонун лойиҳасига кўра, Асосий қонунни 15 та янги модда ва 1 та янги боб билан тўлдириш режалаштирилган. 

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари алоҳида таъкидлаганларидек, инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонуний манфаатларини таъминлаш, инсон қадрини улуғлаш бу борадаги ислоҳотларимиз марказига олиб чиқилмоқда.

Жумладан, ижтимоий давлат тамойили, оила институтининг конституциявий асосларини мустаҳкамлаш, кекса авлод вакилларини, ногиронларни ишончли ҳимоя қилиш, хотин-қизлар ва ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим ва илм-фан, маданиятни ривожлантириш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини таъминлаш, экологик мувозанатни сақлаш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда маҳалланинг ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш каби кўплаб принципиал аҳамиятга эга масалалар Асосий қонунимизда муҳрлаб қўйилмоқда.   

Бу йилги Асосий Қомусимизнинг 30 йиллик тантаналари ана шундай масъулиятли жараёнлар уйғунлиги ва ҳамоҳанглигида нишонланмоқда. Халқнинг орзу-умидлари, мақсаду истакларидан иборат чин маънодаги халқ ижоди бўлган Конституция лойиҳаси умумхалқ референдумига олиб чиқилади.

Демак, миллий ғурур ва инсон қадр-қиммати тимсоли бўлган Конституциямизни қўллаб-қувватлаш, ҳимоялаш, асраб-авайлаш, унга риоя қилиш – ҳар биримиз учун ҳам шараф, ҳам фахр, ҳам масъулият, ҳам Ватан олдидаги олий бурчдир. Зеро, “барчамиз бир тану бир жон бўлиб, фидокорона меҳнат қилиб, ўз олдимизга қўйган юксак марраларга албатта эришамиз”.

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+