Янгиликлар 1806
Конституция мустақиллигимизни мустаҳкамлашда дастуриламалдир
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Адлия вазирлиги масъул ходими, Тошкент давлат юридик университети раҳбарияти ва жамоаси, фахрийлар иштирок этди.
-Асосий Қонунимиз вақт синовидан муносиб ўтиб, шу даврда давлат суверенитетини асраш ва мустаҳкамлашда дастуриламал бўлганлиги бугун ҳеч кимга сир эмас. Зеро, унда демократик ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг рўёбга чиқарилиши мамлакатни ижтимоий-ҳуқуқий ва барқарор ривожлантиришда муҳим омил эканлиги аниқ белгилаб қўйилган. – деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов – Ўзбекистонда Конституция жамият ва давлат янги даврга ўтишининг ҳуқуқий асосларини белгилаб берган ҳужжат бўлибгина қолмай, айни чоғда у халқнинг улкан ютуғи, суверенитетининг асосий рамзларидан бири, кенг миқёсли саъй-ҳаракатлар натижаси, аждодларимизнинг орзу-умиди ифодасидир. Йиллар ўтган сайин Асосий Қонунимизнинг ҳаётимиз, тараққиётимиз учун аҳамияти қанчалик катта эканлигига, танлаган йўлимиз ниҳоятда тўғри эканлигига қайта – қайта ишонч ҳосил қилаверамиз. Фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришларини, тинч тотувлигини таъминлашни асосий мақсадлардан бири деб эълон қилган Конституциямиз босиб ўтган даврига назар ташлайдиган бўлсак, шу қисқа вақт мобайнида мамлакатимизда асрларга татигулик ишлар амалга оширилганлигига гувоҳ бўламиз.
Маърузаларда миллий Қомусимиз яратилиш тарихи, мазмун-моҳияти, ҳаётимизда тутган ўрни ва аҳамияти хусусида сўз борди. Конституциямизга киритилган ўзгартиришлар тўғрисида атрофлича маълумот берилиб, тегишли моддалар шарҳлаб ўтилди.
Таъкидланганидек, Конституциямизда белгилаб қўйилган нормалар жамиятнинг барча жабҳаларига, қонунчиликка ва энг аввало, амалиётга кенг кўламда жорий этилиши лозим. Хусусан, Конституцияда белгиланган қонун устуворлиги принципи, шунингдек инсон ҳуқуқ ва эркинликлари давлат манфаатларидан устун эканлиги принципларини ҳаётга янада чуқурроқ татбиқ этиш лозимлиги ўз долзарблигини йўқотмайди.
Жамиятимизни ривожлантириш, давлат бошқаруви ва тараққиётининг ҳуқуқий асосини белгилаб берган Конституциямизнинг аҳамияти беқиёс.Ҳар қандай демократик давлатнинг асосий Қонуни унда истиқомат қилаётган халқларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, маданияти ва маънавиятини ифода этади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳам айни шу қадриятларга хизмат қилиш билан бирга, унда инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва барча миллат, элатларнинг тили, дини, анъаналари, урф-одатлари ҳурмат қилиниши таъминланган ва уларнинг ривожланиши учун кенг ҳуқуқий асослар яратилган.
Маърузаларда Конституция ва бошқа қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар, эркинликлар ва мажбуриятларни кенг ва мунтазам тарғиб қилиш узлуксиз тус олиши зарурлигига урғу берилди. Хусусан, Конституциянинг моҳиятини ёшларга тушунтириш, демократик жамиятни барпо этишда навқирон авлоднинг фаол иштирокини таъминлаш масалалари ҳам диққат марказида бўлди.
Бош қомусимиз бугунги кунда юртимизда мустақил, суверен демократик давлат барпо этиш, бозор иқтисодиёти таркибида хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлаш ва унинг ҳимоясини кафолатлаш, шунингдек, инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг асосий ҳуқуқий ва қонунчилик пойдеворига айланди.
Конституциямизда бизнинг бош мақсадимиз – фақат ҳуқуқий демократик давлат эмас, балки адолатли жамият қуриш экани аниқ-равшан белгилаб берилган. Жамиятда қонунийлик, қонун устуворлигини тўлиқ таъминлашнинг энг муҳим шартларидан бири – бу одамларни қонунга ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларни шу руҳда камол топтириш, фуқароларнинг қонунни пухта билиши, юксак ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишидан иборат.
Тадбирда профессорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниши тарихи сўзлаб берилди. Бу иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотиб, қизиқтирган саволларига жавоб олиш имкониятини ҳам яратди.
Якунда “Конституция – бахтимиз қомуси” мавзусида талабалар орасида викторина ўтказилиб, ғолибларига партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
“Адолат” СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг