Янгиликлар 1096
Конституциянинг бош манбаи халқдир
Ижтимоий давлат-Ҳар бир фуқаронинг муносиб турмуш сифати ва даражасига эришиш, ижтимоий тафовутларни юмшатиш ва муҳтожларга ёрдам бериш учун ижтимоий адолат тамойилларига мувофиқ моддий бойликларни адолатли тақсимлашга қаратилган ижтимоий давлатдир.
Кейинги йилларда мамлакатимизда бу борада ижобий ишлар қилинди. Масалан, ижтимоий давлат барпо этиш учун иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги фаолиятини бошлади. Мономарказлар иш бошлади. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” тизимлари ташкил этилди. Давлат ва тадбиркорлик шохобчаларида фаолият юритаётган пенсионерларга пенсиялар 100 фоиз тўланишга ўтилди. Хуллас, юртимизда ижтимоий давлат барпо этиш учун зарур ҳуқуқий механизмлар, шарт-шароитлар яратиляпти.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Қарши шаҳридаги Маҳаллот МФЙда “Конституциянинг бош манбаи халқдир” мавзусида ташкил этилган тадбирда бош қомусимизга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар хусусида фикр юритилди.
-Амалдаги Конституциямиз 128 та модда ва 26 та бобдан иборат, - деди тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан маъруза қилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтова.- Ушбу бош қомусдан 29 йил давомида фойдаланиб келдик. Тўғри, ўтган йиллар ичида Конституцияга қисқа –қисқа ўзгартиришлар киритилди. Лекин кейинги йилларда жамиятимиз шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бугун ҳаётнинг ўзи Конституцияга катта ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни тақозо қиляпти. Айниқса, иқтисодиёт, тиббиёт, таълим, тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда юз берган ўзгаришлар кўпчиликни чуқур ўйга толдирган эди. Шу туфайли ҳам республикамизда Конституциявий комиссия ташкил этилиб, халқ фикри ўрганиляпти. Халқ талаби ва таклифлари асосида Конституцияга ўзгартиришлар киритиляпти. Ҳозиргача Конституциявий комиссияга жойлардан халқимиздан 60 мингдан ортиқ таклифлар келиб тушди.
Вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган тадбирда иштирок этган маҳалла фуқароларидан ҳам кўплаб ҳаётий таклифлар билдирилди. юзма-юз мулоқот давомида одамлар томонидан билдирилган барча таклифлар умумлаштирилиб, конституциявий комиссияга етказишга келишиб олинди.
Худди шундай мавзудаги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Махфурат Хушвақтова билан самимий учрашув Муборак тумани ҳокимлиги мажлислар залида кўп сонли фуқаролар билан ҳам бўлиб ўтди.
Депутатнинг вилоятдаги кўпгина туманлари аҳолиси билан Конституцияни янада такомиллаштиришга бағишланган учрашувлари савол-жавоблар асосида кечди. Депутат барча иштирокчиларга зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берди.
Энг муҳими, депутат Махфурат Хушвақтова қайси ҳудудда аҳоли билан учрашмасин уларнинг барча йўналишдаги таклиф ва мурожаатларини обдон тинглаб, адолатли ҳал этаётганидан кўпчилик мамнун бўлаётир.
“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.
Фикрингизни қолдиринг