Янгиликлар 923
Конституциявий ислоҳотлар олима аёллар муҳокамасида
«Илм-фан билан шуғулланиш, илмий янгилик яратиш — бу игна билан қудуқ қазишга баробар. Мен ўзим шу соҳадан чиққаним учун бу ишнинг нақадар қийин ва мураккаб эканини яхши биламан. Шунинг учун ҳам оила ташвишлари ва фарзанд тарбиясини илмий тадқиқот билан бирга олиб бораётган, бу борада амалий ютуқ ва натижаларга эришаётган олима аёлларни шахсан мен чинакам матонат ва жасорат соҳибалари деб биламан ва юксак қадрлайман», — деган эди Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 8 март куни — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтган тантанали байрам тадбирида.
Дарҳақиқат, айни даврда хотин-қизларни янгича ёндашув, ғоя ва ташаббуслар билан чиқишларига кўмак бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, қолаверса, бугунги кунда мамлакатимизда бўлиб ўтаётган муҳим сиёсий жараён - «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаларида фаол, ташаббускор, юксак иқтидор ва истеъдод соҳиби бўлган хотин - қизларнинг иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон «Адолат» СДП томонидан мамлакатимиздаги иқтидорли, ташаббускор, олима аёлларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган қатор лойиҳалар ишлаб чиқилган бўлиб, илмга чанқоқ нозик хилқат вакилалари билан мунтазам равишда учрашувлар, давра суҳбатлари ва конференциялар ўтказиб келинмоқда.
Ана шу мақсадда жорий йилнинг 28 июль куни ҳам Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппаратида «Конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг ўрни» мавзусида онлайн конференция бўлиб ўтди.
Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда аёлларнинг фаоллигини янада ошириш, конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг иштирокини таъминлаш мақсад қилинган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши аъзолари Марказий аппарати ходимлари, Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон хотин-қизлар «Олима» уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳузуридаги «Ёшлар парламенти» аъзолари, партиянинг «Аёллар қаноти» Республика ва ҳудудий Кенгашлари раислари ва аъзолари, партиянинг фаол аёллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирни Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Раҳмонов Абдукамол Шодиевич очиб, мамлакатимизда хотин-қизларга берилаётган юксак эътибор ва яратилган шарт-шароит ҳамда кенг имкониятлар самараси ўлароқ бугун олима аёлларимизнинг сафи кенгайиб бораётгани, уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмалари, инновацион ғоялари, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти таълим ва илм-фан соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшаётганини эътироф этди.
Қолаверса, партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари айни даврда замон талаблари асосида ўзгартириш ва қўшимчалар киритилаётган Конституция Ўзбекистонда мамлакатни узоқ муддатли ривожлантириш учун ҳуқуқий асос бўлиши билан биргаликда аёл-қизларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни, қадр-қимматини янада юксалтиришга хизмат қилиши ҳамда давлат бошқаруви тизими самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, тадбир давомида «Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши сифатида белгиланганлиги, ўтган йилларда бу соҳада салмоқли ишлар амалга оширилганлиги борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Агзамова Гулруҳ Анваровнанинг маърузаси тингланиб, бугун Ўзбекистонда хотин-қизлар ва оила ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашда мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти атрофлича изоҳланди.
Тадбирда таъкидланганидек, Конституциявий комиссия томонидан Асосий қонунимизни такомиллаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар амалга оширилди. Комиссия фаолиятига илмий-тадқиқот муассасалари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари, соҳа экспертлари кенг жалб қилинди, ривожланган давлатларнинг конституциявий тажрибаси чуқур ва ҳар томонлама ўрганилди. Аҳоли фикрлари ва таклифларини узвий, ўз вақтида қабул қилиш, умумлаштиришнинг аниқ механизмлари жорий этилди. Фуқаролардан келган таклифлар ҳамда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган таклиф ва ғоялар «Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Конституциявий қонун лойиҳасида ўз аксини топди.
Шунингдек тадбирда сўз олган Тошкент давлат юридик университети профессори Феруза Муҳитдинова Конституциявий ислоҳотларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари масалалари юзасидан ўзининг фикр ва мулоҳазаларини ўртоқлашди.
Қолаверса, гибрид тарзда (бир вақтнинг ўзида онлайн ва офлайн) ташкил этилган мазкур тадбирда мамлакатимизнинг турли гўшаларидан ZOOM платформаси орқали иштирок этаётган партиянинг ташаббускор аёллари айни даврда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнлари, Бош қомусимизни «инсон – жамият – давлат» тамойили асосида такомиллаштиришнинг ҳаётий зарурати ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар.
Тадбирда ёш ва иқтидорли хотин-қизларни илм олишга ундаш, партия сафида изланишлар олиб бораётган олималар миқёсини кенгайтириш, шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан муҳофаза қилиш борасида сўз юритилди.
Тадбир якунида Конституциявий ислоҳотларда партиянинг асосий электорати сафида бўлган олима аёллардан экспертлар гуруҳларини кенгайтириш ва бундай учрашувларни давомий ташкил этиш ҳақида келишиб олинди.
«Адолат» СДП Матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг