Янгиликлар 1225
Конституциявий ислоҳотлар – замон талаби
Айни кунларда халқимиз ҳаётида муҳим сиёсий воқелик - Ўзбекистон Республикаси Конституциясига замон талабларидан, фуқароларимиз истак ва хоҳишларидан келиб чиқиб, ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштиришга қаратилган демократик ислоҳотлар юз бермоқда.
Мазкур жараёнларда Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан жойларда, партиянинг турли бўғинларида, корхона ва ташкилотларда, таълим муассасаларида фаоллар, ёшлар ва хотин - қизлар иштирокида учрашувлар, давра суҳбатлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилиб, фуқароларимизга кун тартибидаги асосий масала юзасидан атрофлича маълумот бериш баробарида, уларнинг фикр ва таклифлари ўрганилмоқда.
Бугун Ўзбекистон «Адолат» Яккабоғ туман Кенгаши ташаббуси билан Маданият маҳалласида “Конституциявий ислоҳотлар – замон талаби” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди.
Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган кенг кўламли вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш ҳамда мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда фуқароларимизнинг айниқса, ёшларнинг фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича уларнинг фикр-мулоҳазаларини ўрганиш ва таклифларини олиш мақсадида ташкил этилган давра суҳбатида халқ депутатлари вилоя, туман Кенгаши депутатлари, маҳалла фаоллари, “Ёшлар қаноти”нинг фаол аъзолари, хотин-қизлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
Тадбирни вилоят Кенгаши бош мутахассиси Дилрабо Чориева кириш сўзи билан очиб, Конституцияга замон талабларидан келиб чиққан ҳолда ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш орқали уни янада такомиллаштириш Ўзбекистонни дунёнинг ривожланган демократик давлатлари сафидан ўрин олишида асосий қомусимизнинг аҳамияти ва ўрни муҳим эканлиги, бу сиёсий жараёнларга фаол иштирок этишга чақирди.
Шунингдек, тадбирда халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгаши депутати Эркин Тўхтаев «Конституцияга берилаётган таклифлар»даги муҳим вазифалар тўғрисида сўз юритиб, давлатимиз ва жамиятимизда содир бўлаётган муҳим ўзгаришлар қаторида Конституция ҳам мамлакат ривожига монанд равишда, халқнинг манфаатларини тўлиқ кўзлаган ҳолда такомиллашиб бориши зарурлиги ва шундагина Бош қомус халқнинг хоҳиш-иродасини ўзида тўлақонли акс эттира олиши борасидаги фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтди.
Давра суҳбатида фаол хотин-қизлар ва ёшлар томонидан Конституцияга ўзгартириш киритиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Бундан ташқари, Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган миллатидан қатъий назар ҳар бир фуқаронинг мурожаати сўзсиз қонун доирасида адолатли кўриб чиқилишини таъминлаш юзасидан зарур таклифлар ҳам билдирилди.
Кейинги пайтда йўл транспорт ҳодисалари айниқса, пиёдалар ўтадиган серқатнов йўлларда кўплаб содир этилаётганлиги туфайли ҳам автомобил бошқарувчиларига нисбатан жазо чораларини кескин кучайтириш муҳимлиги юзасидан аниқ- тиниқ фикрлар айтиб ўтилди. Масалан, асфальт йўлнинг пиёдалар учун белгиланган йўлакдан ўтаётган йўловчини эътиборсизлик билан уриб юборган ҳайдовчиларга нисбатан камида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши кўрсатиб ўтилди.
Савол жавоблар, мунозараларга бой бўлган тадбирда партия фаоллари ва иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, давлат ва жамият тараққиётига дахлдор қатор таклифлари олинди.
Ўрол Умаров,
“Адолат” СДП Яккабоғ туман Кенгаши раиси.
Уюштирди: Комил Сахатов.
Фикрингизни қолдиринг