Конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг ўрни қандай?

01.08.2022 11:08:50

Бугунги кунда изчил давом эттирилаётган Конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг ўрни қандай, ушбу сиёсий жараёнда олима хотин-қизларнинг иштирокини таъминлаш нечоғли муҳим? Жамиятимизнинг фаол хотин-қизлари Бош қомусимизни такомиллаштириш жараёнида қандай таклиф ва ташаббуслар билан чиқишмоқда?

«Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг ўрни» мавзусидаги онлайн конференцияда ана шулар хусусида сўз борди.   

— Мамлакатимиздаги сиёсий ислоҳотларда аёлларнинг фаоллигини янада ошириш, конституциявий ислоҳотларда олима аёлларнинг иштирокини таъминлаш муҳим масалалардандир, — деди Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. —  Юртимизда хотин-қизларга берилаётган юксак эътибор ва яратилган шарт-шароит ҳамда кенг имкониятлар самараси ўлароқ, бугун олима аёлларимизнинг сафи кенгайиб бормоқда. Уларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган дастурий ишланмалари, инновацион ғоялари, ихтирочилик ва рационализаторлик фаолияти таълим ва илм-фан соҳаси ривожига салмоқли ҳисса қўшаётир. Бу жараёнда Конституция аёл-қизларимизнинг жамият ҳаётидаги ўрни, қадр-қимматини янада юксалтиришга хизмат қилади.  

Тадбир давомида Қонунчилик палатаси депутати Гулруҳ Агзамова маъруза қилиб, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш давлат сиёсатининг муҳим йўналиши эканлигини,  бу соҳада салмоқли ишлар амалга оширилганлигини таъкидлади. Шунингдек, бугун Ўзбекистонда хотин-қизлар ва оила ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашда мамлакатимизда амалга оширилаётган Конституциявий ислоҳотларнинг аҳамияти хусусида тўхталди.   

Шундан сўнг, Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси раиси ўринбосари Замира Ишонходжаева ўз маърузасида уюшманинг фаолиятига тўхталиб, мамлакатимизда аёлларнинг ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган нодавлат нотижорат ташкилоти республиканинг етакчи олималари ва фаол хотин-қизларидан иборат эканлиги ва улар билан мунтазам равишда истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди. 

Онлайн конференцияда ташаббускор аёллар айни даврда амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар, хусусан, Ҳаракатлар стратегиясидан Тараққиёт стратегиясига ўтиш жараёнлари, Бош қомусимизни «Инсон – жамият – давлат» тамойили асосида такомиллаштиришнинг ҳаётий зарурати ва аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирдилар. Ёш ва иқтидорли хотин-қизларни илм олишга ундаш, партия сафида изланишлар олиб бораётган олималар сонини кенгайтириш, шунингдек, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ортиқча қоғозбозлик ва бюрократиядан муҳофаза қилиш борасида сўз юритилди.  

М.Комилова, ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+