Конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси давом этмоқда

20.07.2022 11:07:55

«Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги конституциявий қонун лойиҳаси муҳокамаси 1 августга қадар узайтирилгани ҳам халқ билан бамаслаҳат иш кўрилаётганидан далолат бермоқда. Энг муҳими, бу жараёнда мамлакатимизда яшайдиган ҳар бир фуқаронинг дахлдорлик фаоллиги кўриниб турибди.

Шундай экан, қатор ташкилот ва идораларда, турли соҳа вакиллари иштирокида жонли муҳокамалар бўлиб ўтмоқда.

Мазкур жараёнларда Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Халқ депутатлари ҳам фаол иштирок этиб, Конституциявий қонун лойиҳаси юзасидан тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бормоқда, аҳоли таклифларини олишмоқда.

Партиянинг Тошкент вилояти Халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган давра суҳбатида кенгаш раиси Равшан Дастиров иштирокчиларга лойиҳа ҳақида тегишли тушунтиришлар берди. Раис ўз сўзида Конституция мамлакатимизнинг узоқ муддатли тараққиёт стратегиялари, умуман юртимиз ва халқимизнинг эртанги фаровон ҳаёти учун мустаҳкам ҳуқуқий асос ҳамда ишончли кафолат яратишини таъкидлади. Шунингдек, Конституцияда маҳалланинг мақоми ҳамда давлат органларининг бу борадаги вазифалари ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.

Шунингдек, асосий қонунимизга киритилаётган ўзгартиришлар «Инсон – жамият – давлат» тамойилига асосланганлиги, миллий конституциявий ўзликни акс эттириши ва амалдаги Конституциянинг барча бўлимларига туб ўзгартиришлар киритишни назарда тутиши борасида фикрлар билдирилди.

Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар Конституцияга киритилаётган ўзгаришлар бўйича ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+