Кўп гап – ўзимизда

07.07.2021 11:07:19

Ҳали ҳануз бутун дунёни оммавий ташвиш қийнаб келмоқда. Коронавирус! Шу билан бирга ўтган бир ярим йил давомида биз унга шунчалик кўникдикки, баъзан назар-писанд қилгимиз ҳам келмай қолди. Жилла қурса, ўтган йил шу даврларни эслайлик. Янги авлодлар ўрганмаган ҳолат – карантин барчамизни довдиратиб қўйди.  Нотаниш хавф олдида ривожланган мамлакатлар ҳам таҳликали ҳолатларни бошдан кечирди. Бу хавф кимники бошига келган бўлса, унинг мудҳиш асоратини унутганича йўқ. Давлатимиз томонидан кўрилган пухта режалар туфайли  бу синовлардан енгил ўтдик.

Бугунчи?! Ҳа, бугун, яна такрорлаш мумкин, биз бу ташвиш билан яшашга кўника бошладик. Аслида, ижобий маънода, келажакда шундай бўлиши керак эди.  У биз учун оддий тумов каби бўлиб қолиши лозим эди. Аммо, қанчалик бу  фикрга қўшиласиз, билмадим,  ҳали бунга вақт эрта. Чунки бани башар коронавирусни ҳали етарлича таниб олганича йўқ. Мутантлашаётган – бошқача тусга кираётган вирус хавфи чекинмаётгани бир томондан шуни англатса, иккинчи томондан, биз унинг кучига етарлича баҳо бермай, эътибор қилмаётганимиздадир.  

Мисол учун, инсоният табиати қизиқ, нимагаки таъқиқ ёки чегара қўйилса, уни айланиб ўтишга ҳаракат қилади. Коронавирус туфайли бутун дунёда ижтимоий масофа сақлаш, бир жойга тўпланмаслик,  ниқоб тақиш ташвиқот қилинаётган пайтда, юртимизда қайсидир амалдор ўзини кўрсатиш учун фестиваллар лентасини бошлаб берди.  Бу эстафета лентаси дарров қўлма-қўл бўлиб, бутун республикамизни қамраб олганини айтмаса ҳам бўлади.

Учрашувлар, йиғилишлар онлайн ўтказилиши мумкин бўлган бир пайтда, биз ҳали ҳам тадбиримиз савиясини неча минг одам йиғилганини айтиш билан баҳоламоқдамиз. Ёки гап-сўзи кўпчиликка “ўтадиган” маҳаллий амалдорлар мажлисбозлик ёки учрашувлар орқали муаммоларни ҳал қилаяпмиз деб ўйлашмоқда. Бу тадбирбозликда туширилган суратларга разм солсангиз, уларда на ижтимоий масофа сақланган ва на ниқоблар тутилган.

Коронавирус кўп жиҳатдан бизга дарс бўлаётгани ҳам бор гап. Халқимиз оддийликни, камтарликни яхши кўради.  Имкониятига қараб, туй-маросимини ўтказади. Аммо кейинги пайтда урчиган “кимўзар” туйлар туфайли  “кўрпасига қараб оёқ узатмайдиганлар” пайдо бўлган эди. Карантин туфайли туй-ҳашамларда меҳмонлар сонини камайтириш кимларгадир маъқул келмагандир, аммо жуда кўпчилик “элни ошини еганман” деган андишада ортиқча сарф-харажатлар қилаётганини тушиниб етди. Бехудага кетаётган маблағи тежалиб, кам-кўстини ёпишини англамоқда. Яқин қавм-қариндош билан ихчамгина туй қилиш уят эмаслигини билмоқда.

Демак, кўп нарса ўзимизга, тушунчамизга боғлиқ. Биз янгича даврга янгича  одатлар, янгича қарашлар билан кириб боришимиз табиий ҳол. Аммо улардан қай бири ижобий эканлигини танлаш имконияти ҳам мавжуд. Кимнингдир хўжакўрсинга ўтказилган оммавий тадбирларига қанча одам йиғилганини сурат ва видеолар орқали мақтанганидан кўра, айни вазиятдаги уларнинг бу кўр-кўрона ҳатти-ҳаракатлари мантиқсиз эканлигига жамоатчилик фикр билдиргани маъқул.

 

Гулнора АҲМЕДОВА,

Халқ депутатлари Тошкент вилоят кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+