Кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатиш тизими ўзгаради

31.05.2021 15:05:36

Бугунги кунда юртимиз аҳолиси учун замонавий ва сифатли кўп қаватли уй-жойлар қуриш ҳамда аҳолини кенг кўламли турар жойлар билан таъминлаш масаласи долзарб вазифага айланди. Уй-жойлар қурилиши натижасида ўз шахсий хонадонига эга бўлиш халқимизда азалдан қадрият даражасига кўтарилган. Бунда уй-жойга шунчаки кўчмас мулк ёки вақтинчалик бошпана эмас, балки ватан ичидаги мўъжаз ватан сифатида муносабатда бўлинади. Шу боис, ҳам юртимиздаги ҳар бир оила моддий шароити, ижтимоий аҳволи ва даражасидан қатъи назар ўз шахсий уйига эга бўлишини истайди.

Республикамизнинг қайси ҳудудига борсангиз, албатта бўлаётган бунёдкорлик ишларидан, замонавий уй-жой ва биноларнинг қурилишидан ҳайратланмай иложингиз йўқ. Ҳозирда эски шаҳар ўрнида янги ва замонавий уй-жойлар ва аҳолига хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектларининг хизмат кўрсатиш сифатини юқорилиги ҳайратимизни янада оширади.

Қолаверса, мамлакатимизда қишлоқ аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини яхшилаш, намунавий лойиҳалар бўйича якка тартибда уй-жойлар қуриш ҳисобига қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, қишлоқда муҳандислик ва транспорт коммуникацияларини, ижтимоий инфратузилма объектларини жадал ривожлантириш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Уй-жой қурилиш борасида Уй-жой Кодексида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарор ва фармонларида, ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида, соҳа бўйича илмий-тадқиқот олиб борилаётганлиги ҳам ушбу мавзунинг янада долзарблигини акс эттиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёш оилаларнинг, эскирган уйларда яшовчиларнинг ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган бошқа тоифалардаги фуқароларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш мақсадида қабул қилинган 2017 йил 13 январдаги "2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-2728-сонли Қарорига мувофиқ республикамизнинг барча ҳудудларида кўп қаватли уйлар қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Ушбу қарор ва мазкур масалага доир қатор ҳужжатлар қурилиш ва ободонлаштириш ишларни самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Лекин шунга қарамасдан, мазкур соҳада бир қатор камчиликлар кўзга ташланиб турибди. Хусусан кўп квартирали уйларда яшовчи юртдошларимиз томонидан уй-жой мулкдорлари ширкатларининг хизмат кўрсатиш фаолияти яхши йўлга қўйилмаганлиги ва янги уйларга кўчиб кирган хонадон эгалари бу уйлардаги коммунал масалаларга оид носозликлар юзасидан бир қанча эътирозлар билдирилмоқда.

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Президентимиз йиғилиш кун тартибидаги асосий масала – кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишнинг бугунги ҳолатига баҳо бериб, тизимда хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, уй-жой фондини янгилаш, соҳада коррупцияни йўқотиш юзасидан устувор вазифаларни белгилаб берди.

— Бир нарсани тўғри тушуниш керак, агар инсоннинг яшаш шароити яхши бўлмаса, оиласида тинчлик, ишида унумдорлик бўлмайди, норозилик кайфияти кучаяди, - деди давлатимиз раҳбари.

Шу билан биргаликда йиғилишда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузурида уйларни таъмирлашни молиялаштириш бўйича махсус жамғарма ташкил этилиши белгиланди. Унинг маблағлари тенг улушларда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан шакллантирилади. Жорий йилда шу тарзда жами 220 миллиард сўм ажратилиши, қолган 100 миллиард сўмга аҳоли маблағлари жалб қилиниши қайд этилди.

Шундай қилиб, кўп қаватли уйларни таъмирлаш харажатларининг 30 фоизи мулкдорлар томонидан, қолган 70 фоизи эса жамғарма маблағларидан амалга оширилади.

Вилоят ҳокимларига бу маблағлардан мақсадли фойдаланган ҳолда реновация ва таъмирлаш ишларини самарали ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+