Янгиликлар 1766
Кўприк қулашини кутяпмизми?
Хоразм воҳамизда тез суръатлар билан амалга оширилаётган ўзгаришлардан, ён атрофда кашф этилаётган гўзалликлардан баҳри дилинг очилади.
Аммо, айрим раҳбарларнинг лоқайдлиги туфайли юзага келган, йўловчи ва ҳайдовчиларнинг йиллар бўйи хафсаласини пир қилиб, ҳам руҳан, ҳам моддий зарар келтиришга сабаб бўлаётган “Палван канали”даги кўприкнинг аянчли аҳволидан қалбинг озор тортади.
Партиянинг Хоразм вилоят Кенгаши раиси Тоҳир Палвановнинг топшириғига биноан, Хива туманидаги “Индавак” маҳалласидан ўтувчи Урганч–Хива-Янгиариқ туманларини боғлаб турган “Палван канали”га қурилган кўприкнинг ҳолатини ўрганиш мақсадида партия фаоллари, депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ тузилди ва ўрганиш ишларини олиб бордик.
“Палван канали”га қурилган, узунаси 50 метр, эни 12 метр бўлган кўприкнинг нозос аҳволга келиб қолгани боис, кўприкнинг ярим қисми, яъни энидан 6 метргача бўлган масофа тегишли мутассаддилар томонидан бундан 3 йил олдин бетон тўсиқлар билан тўсиб қўйилган.
Натижада, манзили томон йўл олган транспорт хайдовчилари, кўприк ҳудудига яқинлашгач, кўприкнинг мумкин бўлмаган қарама-қарши томони бўйлаб ҳаракат қилишга мажбур бўлишмоқда. Кўприкнинг 6 метргача бўлган масофада қарама-қарши ҳаракат қилаётган машиналар тирбандликда қолиб, ҳайдовчи ва йўловчиларнинг ғазабланишига сабаб бўлаётгани кузатилди.
- Кўприкнинг қурилганига 60 йилларча бўлди, - дейди суҳбатдошимиз, “Индавак” маҳалласи фахрийси Султон ота Матяқубов. – Кейинги йилларда 30-60 тонналик юк машиналари серқатнов бўлиб қолгани ҳаммага маълум. Кўприк катта миқдордаги оғирликка мослашмагани боис ҳам шу ҳолатга тушиб қолган бўлса керак.
Маҳалла етакчилари бу муаммо юзасидан бир неча бор тегишли жойларга мурожаат қилганини айтишди.
Энг ёмони, 2020 йилнинг декабрь ойидаги Хоразмга ташрифи чоғида Президентимизнинг ҳам шу кўприкка йўли тушган. У пайтда қўштирноқ ичидаги ишбилармон раҳбарларимиз кўприк устидаги 10 тага яқин бетон тўсиқларни вақтинчага олдириб, кўприк ҳудудини чиннидек қилиб қўйишган.
Хўш, ҳалокат ёқасида турган кўприкда бир кун бахтсиз ходиса содир бўлишини кўриб, билиб турган мутасаддилар 3 йилдан буён нимани кутишмоқда?
Кўприк қулашиними? Қанча ҳамюртларимизнинг жабрланишиними ёки интернет тармоқларида воҳамиз обрўйига путур етишиними?
Саволларнинг кети узилмайди, жавобни мутасаддилардан кутиб қоламиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши эса бу масалани ўз холига ташаб қўймайди, партия фаоллари муаммонинг ечимини топиш чораларини бошлаб юборган.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг