Янгиликлар 1563
Кўрик-танлов Хоразм вилоятида бош қомусимиз билимдонларини кашф этмоқда
Аввал хабар берганимиздек, “Адолат” СДП ташаббуси билан ёшлар орасида бир неча йилдан буён ҳаётга тадбиқ этиб келинаётган “Конституция билимдони” кўрик-танлови янгидан-янги истеъдод эгаларини кашф қилишда хизмат қилмоқда.
Урганч давлат университети академик лицейида танловнинг вилоят босқичи ўзига хос жиҳатлари билан самарали ташкил этилди.
Танловнинг шаҳар ва туман босқичларидан ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар танловнинг ўзини таништириш, Бош Қомусимиз ва партия тўғрисидаги саволлар ҳамда эркин мавзу шартларини моҳирона бажарганликлари билан иштирокчилар диққат марказидан жой олди.
Шартларни турли соҳа вакилларидан таркиб топган ҳакамлар ҳайъати холисона баҳолаб боришди.
Доно Олимова, ТТА Урганч филиали тиллар кафедраси мудири, доцент, хакамлар ҳайъати раиси:
- Ҳар сафар танловнинг вилоят босқичига хакам сифатида иштирок этаман. Танловнинг бу галги вилоят босқичи жуда ўзгача руҳда бўлиб ўтди. Уч соатдан зиёд давом этган танловда ғолибни аниқлаш жуда қийин кечди. Танлов бир-биридан билимли, истеъдодли ёшларни сафини оширишда, янгидан-янги истеъдодларни кашф этишда хизмат қилишига шубҳа йўқ. Танлов жуда ўринли ташкил этилгани билан ёшлар орасида муносиб ўринга эга бўлди.
Танлов шартларини фаоллик билан бажарган УРДУ академик лицей ўқувчиси Тўхтажон Қурязова ғолиб деб топилиб, танловнинг Республика босқичига йўлланма олди. Хива тиббиёт коллежи ўқувчиси Кумушой Норимбоева 2-ўринга, Хонқа туман 2-сон касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Муҳайё Бекчанова эса 3-ўринга, бошқа иштирокчилар эса турли номинацияларга эга бўлди.
Танлов иштирокчиларининг барчаси партия вилоят Кенгашининг диплом ва эсдалик совғалари, китоблар жамланмаси билан тақдирландилар.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
“Адолат” СДП
Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг