Янгиликлар 2351
“Коронавирус бемори ўзини ўзи даволаши мумкин эмас”
Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши томонидан Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонасида “Шифокорлар – замонамиз қаҳрамонлари” мавзусидаги тадбирда сўзга чиққан шифокорлар ҳукуматимизга, тадбир иштирокчиларига миннатдорчилик билдириб, ўзлари учун ҳам, беморлар учун ҳам барча шароитлар яратилганини таъкидлашди.
Умид Раҳимгазиев, Зангиота туманидаги коронавирус пандемиясини даволашга ихтисослашган 2-сон махсус шифохонаси бош шифокорининг 1- ўринбосари:
– Бу ерда фаолият олиб бораётганимга 2 ой бўлди. Яратилган шарт-шароитлар туфайли ўтган давр мобайнида бирор марта ҳам иш жараёнимда қийинчиликка, ноқулайликка дуч келмадим. Бу ерда энг сўнги русумдаги замонавий ва хориждан келтирилган моддий-техника базаси шакллантирилган. Даволанаётган 1200 та бемор ҳамда уларни даволаётган 700 та шифокор учун ҳам барча шароитлар муҳайё. Шифохона ходимлари ва беморлар етарли озиқ-овқатлар билан таъминланган ва барчамиз бундан хурсандмиз. Шифокор бўлиб ҳали бундай шарт-шароит яратилганлигини кўрмаган эдик. Маошларимиз ҳам қўшимча устамалари билан ўз вақтида тўлаб берилмоқда. Бунинг учун давлатимизга чексиз ташаккурларимизни билдирамиз. Бундан ташқари фаолиятимизда янгиликлар ҳам юз бермоқда. Яъни шифокорларга уйига бориб келишга ҳам рухсат бериляпти. Бундан 10 кун олдин бунақа имконият йўқ эди. Шу ўринда алоҳида таъкидлашим ўринлики, беморда касалликнинг илк аломатлари сезилдими, дарров шифохонага мурожаат қилиши лозим. Ўзини ўзи даволаши мумкин эмас. Бу кўп ҳолларда яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин.
Тўғри, карантин очилганидан буён беморларимиз сони бироз кўпайди. Айниқса, куз фасли келиб мавсум ўзгаришни бошлагани муносабати билан ҳар бирингизга жуда эхтиёт бўлишни ва фақат шифокор назоратида даъволанишни тавсия этаман. Фурсатдан фойдаланиб олтин кузда шифохонамизга баҳор нафасини олиб келиб, бизга қувонч улашган партия ташкилотчиларига чексиз ташаккуримни изҳор этаман.
Фикрингизни қолдиринг