Коронавирус инфекциясининг тарқалишига йўл қўяётган масъуллар диққатига

11.06.2020 18:06:58

Охирги икки ҳафтада мамлакатимизда аҳоли орасида коронавирус инфекциясига чалиниш ҳолати кўпаймоқда. Масъул ташкилот раҳбарлари эса ўз баёнотларида бунинг асосий сабаби қилиб карантин қоидаларини юмшатилганини нотўғри талқин қилиб аҳоли белгиланган қоидаларга амал қилмаётганлигида эканлигини таъкидлашмоқда.

Тўғри, баъзи туман ва шаҳарлардаги жамоат жойларида аҳоли белгиланган қоидаларга амал қилмасдан ҳаракатланмоқда. Аммо аҳоли эркин ҳаракатланаётган яшил ҳудудларга касаллик қандай кириб келаётганлиги очиқ қолмоқда.

Маҳаллий Кенгаш сессияларида иштирок этиш учун охирги икки ҳафтада бир неча бор Жиззах вилоятининг туман ва шаҳарларига боришга тўғри келди. Барчамизга маълумки, ҳозирги пандемия даврида барча туман ва шаҳарларнинг кириш қисмига блок постлар ўрнатилган. Амалдаги тартиб бўйича ана ўша блок постларда коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга масъул бўлган ИИВ ва Санитария-эпидемиологик марказ ходимлари назорат ўрнатиши керак. Ҳақиқатдан ҳам бугун барча блок постларда ўрнатилган вагон ёки дарахт сояларида бу икки ташкилот ходимларини кузатиш мумкин. Аммо барча блок постда қатъий иш тартиби олиб борилмаяпти. Балки улар ўзлари хизмат вазифасини олиб бораётган жой яшил ҳудуд бўлганликлари учун бепарволик қилишаётгандир, аммо вирус хавфи ҳудуд ва инсон танламаслигини вақтнинг ўзи исботлаб берди.

Бундан икки кун олдин Жиззах вилоятдан Тошкент шаҳрига қайтишда кузатганларимга тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчи блок пост Мирзачўл туманидан чиқиш ва Оқолтин туманига кириш қисмида ўрнатилган. Ушбу постда икки соҳа ходимлари ҳам сояда бир бири билан суҳбатлашиб ўтирган эди.

Иккинчи блок пост Сирдарё вилоятидаги асосий пост. Унда ҳам машиналар тўлақонли дезинфекция қилинмаяпти. Машина ёнига келиб фақатгина ҳайдовчи ва унинг ёнидаги ўриндиқда ўтирган инсонларнинг тана ҳарорати ўлчанди. Гўёки орқа ўриндиқда бир бирига жипслашиб ўтирган уч киши бу касалликка чалинмаслиги кафолатлангандек. (Аслида енгил автомобилларга 5 киши билан ҳаракатланиш ҳам мумкин эмас. Амалда кўп кузатилмоқда, махсус комиссия қарорида эса тақиқланган.)

Учинчиси бугунги кунда касаллик энг кўп аҳоли орасида аниқланаётган ҳудуд Тошкент шаҳрига кириш учун ўрнатилган блок пост. Ҳайдовчи машинани биринчи йўлакда тўхтатди. Навбатчилик қилаётган ходим келиб қайси вилоятдан келаётганлигини ва машина салонидагиларни паспортлари бор ёки йўқлигини сўради. Ҳайдовчи барчанинг номидан Жиззах вилоятидан келаётганлигини ва барчанинг ҳужжатлари ёнида эканлигини айтди. Навбатчилик қилаётган ходим эса кетавериш ишорасини берди. Қизиқ, давлат чегара постларида ҳам ҳужжатлар шундай оғзаки текширилармикан? Шунингдек, Тошкентга кириш учун ўрнатилган блок постда 3 та йўлак орқали кирилади. Дезинфекция ишлари эса фақатгина 2 йўлакнинг чап тарафида амалга оширилди. Қолган 1 ва 3 йўлакда ҳамда 2 йўлакда ҳаракатланган автомобилнинг ўнг тарафи вирус юқишидан ҳимоясиз қолмоқда.

Бу воқеаларни ёзишдан мақсад бугун туну-кун хизмат қилаётган ИИВ ва Санитария-эпидемиологик марказ ходимлари фаолиятини қоралаш эмас. Шунчаки, бу хавфни бартараф этиш учун барчамиз бирдек виждонан ёндашиб ҳаракат қилмасак ҳеч бир натижага эриша олмаслигимизни яна бир бор билдириб ўтиш. Агар соҳа вакилларида билдирган фикрларимга нисбатан эътироз бўладиган бўлса, бугун биз ахборот технологиялари ривожланган даврда яшаяпмиз марҳамат қилиб блок постлардаги камераларнинг хотирасини текшириб кўриш мумкин. Бу воқеалар 09.06.2020 соат 12.30 ва 15.00 оралиғида рўй берган.

 

Фаррух АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+