Коронавирус йўқолгани йўқ, ҳушёр бўлайлик!

11.11.2020 11:11:10

Биз қанчалар истамайлик, бу ҳақиқатни тан олишга мажбурмиз: дунёда, шунингдек, мамлакатимиз ва вилоятимизда ҳам коронавирус билан боғлиқ вазият осойишта эмас.

Афсуски, бу хавфли вирусни юқтириш ҳоллари камаяётгани йўқ.

Олдинда эса бизни қиш кутиб турибди.

Барчанинг эсида, Covid-19 касаллигини келтириб чиққан коронавируснинг янги тури айнан қишда, аниқроғи Хитойнинг Ухан шаҳрида илк бор қайд этилганди. Бу золим юртимизга кириб келганида, жазирама қалқон бўлиб хизмат қилади, унинг кенг тарқалиши олдини олади деб, ёз мавсумига катта умид боғлаган эдик. Бундай бўлмади. Коронавирус ҳам совуққа, ҳам иссиққа ғоят чидамли бўлиб чиқди.

Бу тождорга курашиш бобида бой тажриба орттирган Хитойда куз-қиш даврида унинг янги "ҳужуми"ни қайтариш мақсадида 17 та минтақада текширув ўтказишмоқчи, яъни, вируснинг қайта авж олишини бартараф этиш учун касалхона, мактаб, чегараолди порт, жамоат жойлари обдон текширилади. Бунда профилактика воситаларининг нақдлигига  алоҳида эътибор берилади.

"Инсон ҳаёти бебаҳо, бироқ биз унга худди унданда қимматлироқ нарса мавжуд бўлганидек муносабатда бўламиз", деган эди Антуанде Сент-Экзюпери. Француз адиби бу ҳикматни бизга, карантин, умуман, санитария-гигиена қоидаларига беписанд ватандошларимизга қарата айтгандек, гўё.

Ваҳоланки, мамлакатимизда карантин бекор қилинганича йўқ, шунчаки юмшатилган, қатор давлатларда аксинча, кучайтирилган. Карантин давом этаётган экан, ҳеч ким унинг тартиб-қоидаларини бузишга ҳақли эмас.

Шуни унутмаслик лозимки, бу касалликни исталган жойда, исталган вақтда юқтириш эҳтимоли бор. Уни юқтириш эса оғир оқибатларга - касалланишдан то ўлимгача олиб келади. Ҳукуматимиз ўз вақтида, тўй-ҳашамларни 30 нафар меҳмон иштирокида ўтказишни тавсия қилган эди.

Демакки, ҳаммамиз ўта эҳтиёткор бўлишимиз, ўзимиз ва яқинларимиз, атрофдаги фуқаролар саломатлиги учун масъулиятни чуқур ҳис қилишимиз лозим.

Манзура ДАВРОНОВА,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+