Янгиликлар 4103
Коронавирус: профилактикани кучайтириш шарт!
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг Темир йўлчилари ва қурувчилари касаба уюшмаси қошидаги “Сиҳатгоҳ” санаторий-профилакториясида “Коронавирус инфекцияси ва грипп вирусли инфекция касаллиги” мавзуларида давра суҳбати ташкил этилди.
Депутатлар, “Адолат” СДП вакиллари, фаоллар ва шифокорлар иштирок этган давра суҳбатида таъкидландики, бугунги кунда дунё ҳамжамиятини ташвишга солаётган энг катта муаммолардан бири коронавируснинг тобора авж олиб бораётганлигидир. Ушбу касаллик туфайли дунёда ҳар куни қанчадан қанча инсонлар бевақт вафот этмоқда. Хитой Халқ Республикасидан бошланган касаллик бошқа мамлакатларга ҳам яшин тезлигида тарқалмоқда.
Депутатлар томонидан айтиб ўтилдики, бизнинг юртимизга ушбу вируснинг кириб келишининг олдини олиш чораларини кўриш, бу йўлда фуқароларимиз доимо ҳушёр бўлиш зарур. Бу ишга масъуллар халқимизни доимо огоҳ бўлишга даъват этиши, ҳимояни кучайтириши шарт.
Давра суҳбатида шу ва бошқа фикрлар билдирилар экан, ўз навбатида коронавирусдан ўз манфаати йўлида фойдаланаётганлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди. Коронавирус хавфи аҳолида шахсий гигиена ва зарурий профилактикага эътибор жиддийлашишига сабаб бўлса, не ажаб. Зеро, бу бошқа касалликлар тарқалишининг олдини олишга ҳам ёрдам беради.
Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Тошкент шаҳар Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг