Коронавирус вакцинаси атрофидаги баҳсларга жавоб қандай бўлиши керак?

11.02.2021 10:02:04

Кенг тарқаладиган юқумли касалликларга қарши курашишнинг энг самарали усули эмлаш (вакцинация)дир. Бу муолажа оддий ва хавфсиз бўлиб,  организмнинг табиий ҳимоя механизмларини ҳаракатга келтиради ва касалликка қарши иммунитетни шакллантиради ва мустаҳкамлайди. ЖССТ таҳлилларга кўра, эмлаш ҳар йили 3 миллионгача ўлим ҳолатининг олдини олади.

Айни вақтда пандемик вазиятидан келиб чиқиб, 130 дан ортиқ ташкилот коронавирусга қарши вакциналар ишлаб чиқмоқда, 15 дан ортиғи аллақачон клиник синовлар босқичига ўтган, яъни дори воситаларини инсонларда синаб кўришмоқда. Бир нечта турларини ишлаб чиқиш жараёни якунланмокда.

 Вакцина ишлаб чиқиш одатда узоқ давом этадиган жараён. Масалан, 43 йилдан бери мавжуд Эбола вирусига қарши вакцина беш йил давомида яратилди ва ўтган йили тасдиқдан ўтди. Гарчи, 2015-2019 йилларда олиб борилган ўрганишлар мазкур вирусга қарши экспериментал вакцинанинг юқори самарадорлигини кўрсатган бўлсада, мутахассислар қўшимча эмлаш воситаларини кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлашди.

Вакцина яратилгач, одатда тажриба учун кемирувчилар ва приматлар, яъни энг аввал, ҳайвонларда синаб кўрилади. Ушбу босқич клиник давргача бўлган синов деб аталади. Унда иммун реакцияси мавжудлиги ва препаратнинг бирламчи хавфсизлиги аниқланади. Мазкур давр одатда уч ойдан олти ойгача давом этади. Ундан кейин вакцинанинг инсон организмига таъсирини ўрганиш ва киник синовлар бошланади. Бу кўп вақт талаб этади, бироқ уни ўтказмаслик мумкин эмас.

Бу синовларнинг биринчи босқичида хавфсизликни синаб кўриш ва иммун реакцияга эга бўлиш учун керакли миқдорни аниқлашда кам сонли инсонлар иштирок этади.Иккинчи босқичи турли ёшдаги  инсонларни эмлашни ўз ичига олади. Чунки вакцина  турли ёшдаги одамларга турлича таъсир кўрсатиши табиий. Учинчи босқичда минглаб кўнгиллилар эмланади. Уларнинг саломатлигини кузатиш касалланиш ва вакцинанинг инфекциядан ҳимояланиш даражасини белгилайди. Ҳатто тезлаштирилган клиник синовлар ҳам камида олти ой вақт талаб этади. Препаратнинг барча ножўя таъсирларини аниқлаш ва  самарадорлигини текшириш учун эмланган гуруҳнинг ҳолати бир ярим йил давомида кузатувда бўлади. Ишлаб чиқаришнинг сўнгги босқичи батафсил синовни ўз ичига олади унинг барча мезонларга тўғри келишига ишонч ҳосил қилиш зарур.

Шубҳасиз, вакцина яратилганда, барча аҳоли бир вақтнинг ўзида уни ололмайди. Хопкинс университетининг биотехнология бўйича мутахассиси Жонатан Моренонинг айтишича, ҳаммадан аввал вирус олдида энг заиф гуруҳ эмланиши керак. Статистикадан маълумки, кўпинча янги коронавирус кексаларда, диабет ва гипертония билан оғриган беморларда жиддий оқибатларга олиб келади.

Баъзи тадқиқотлар шуни кўрсатадики, COVID-19нинг ўлим даражаси ирқий ва этник ҳолатга ҳам боғлиқ бўлмоқда. Балки, бу  ҳолат ушбу аҳоли қатламларининг иқтисодий фаровонлик даражасидан келиб чиқаётгандир. У ҳолда, заиф соғлиқни сақлаш тизимига эга бўлган ва етарлича инфратузилмаси бўлмаган ривожланаётган давлатлар вакциналарга кўпроқ муҳтож бўладилар. Бунда вакциналарни ушбу давлатларга тегишли шароитларда ташиш, етказиб бериш масаласи кун тартибига чиқади. Aммо COVID-19га қарши эмлаш воситаси танланмагунча, вакциналарни ташиш учун қандай ҳарорат оптимал бўлишини ва дори-дармонларни ўз манзилларига етказиб беришда доимий совуқлик занжирини қай тарзда таъминлаш кераклигини ҳеч ким билмайди.

Шу ўринда савол туғилади: COVID-19 инфекциясига қарши ўтказилаётган клиник синов-эмлаш тадбирларида кимлар қатнаша олади? Қайд этиш жоиз, Ўзбекистонда кўнгиллилар коронавирусга қарши клиник синов тарзда эмланаётган Хитойнинг “Рекомбинат” вакцинаси биринчи ва иккинчи клиник синов жараёнларидан муваффақиятли ўтган. Ушбу вакцина Республика вирусология ва иммунология илмий маркази ва Ўзбекистон Республикаси Инновациялар маркази томонидан маъқулланган. Шу пайтгача эмланганлар ўртасида салбий асоратлар аниқланмаган.

Бир қатор кўнгилли юртдошларимиз вакцина билан эмланмоқда. Бу жараён оммавий эмас, 3-фаза клиник синов жараёнидир. Эмлашга кимлар жалб қилиниши, қай тартибда тиббий кўрикдан ўтказилиши ва эмланган одамларнинг саломатлигидаги ўзгаришлар қандай назорат қилинади?

Аввало, ушбу эмлаш жараёни вакцинанинг хавфсиз ва самаралилигини аниқлаш ҳамда унинг Ўзбекистон шароитида қандай таъсир этишини татқиқ қилиш мақсадида ўтказилаётганини унутмаслик лозим. Бу борада 18 ёшдан ошган кўнгилли фуқаролар қатнаша олади. Коронавирус билан оғриган беморларга вакцина қилинмайди. Чунки коронавирусга чалиниб, тузалганлар танасида антитаначалар мавжуд бўлиб, вакцинанинг организмга таъсирини аниқлашга ҳалақит беради. Фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилади, турли сурункали касалликлардан ҳоли эканлиги аниқланади. Сурункали касаллиги бор ва иситмалаётган, қон босими меъёридан юқори, қон касалликлари мавжуд, иммун танқислиги бор, саратонга чалинган беморлар ҳамда ҳомиладор ва фарзанд кўриш истагидаги аёллар бу жараёнда қатнашиши мумкин эмас. Эмлаш олдидан экспресс усулда қон таҳлили ўтказилади. Бурун ва ҳалқумдан олинган суртмалар ПЗР орқали текширилиб, танада COVID-19 вируси йўқлигига ишонч ҳосил қилинади. Ҳатто акситанаси (антитела) бор қон плазмаси коронавирус юқтирган беморга қуйиб бўлмайди. Айнан АҚШда "соғайтирувчи плазма" деб номланаётган зардобдан 500 бемор соғайган. Бошқа мамлакатларда ҳам бу синаб кўрилди.

Қон плазмаси орқали даволаш усули беморнинг ўта оғир ҳолатида ёки унга бошқа барча даволаш усуллари ёрдам бермаганда асосий кўрсатма саналади. Шу билан бирга, бундай даволашда донор билан реципиент қон гуруҳи ва резус бўйича ҳам бир-бирига мос келиши лозим. Бир сўз билан айтганда, дунё аҳлини ташвишга солаётган юқумли касалликлардан сақланишда эмлаш сиз учун фойдали. Фақат уни ўз ўрнида ва тўғри қўллаш лозим.

 

                                      Мадаминжон МАДАЗИМОВ,

                   Андижон давлат тиббиёт институти ректори,

тиббиёт фанлари доктори, профессор,

Ўзбекистон “Адолат” СДП  Андижон вилояти кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+