Коррупцияни йўқотиш учун ҳуқуқий таълимни кучайтириш керак

10.06.2020 11:06:56

Ижтимоий-сиёсий ҳаётда жадал ислоҳотлар бўлаётган бир вақтда ҳар биримиз шу юрт фуқароси эканлигимизни юракдан ҳис этиб, фаол бўлишимиз талаб этилмоқда. Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсади халқимизни фаровон турмуш кечиришига қаратилган. Шу йўлда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам сайловолди дастурида белгилаб олган вазифаларни партия фракцияси орқали кетма кетликда илгари сурган ҳолда ўз вазифаларини бажариб келмоқда. Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловда партия ўз олдига:

- инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари давлат ва жамиятнинг энг юксак қадриятлари эканлигини тан олиб, жамият ва давлат ҳаётининг барча жабҳаларида ҳар бир инсонни фаровон ҳаёти учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий адолат ва қонун устуворлиги мезонларини таъминлаш;

- Ўзбекистоннинг эркинлик, имкониятлар тенглиги, адолатлилик, бирдамлик, ижтимоий ҳимоя ва масъулият тамойиллари ҳукмронлик қиладиган, инсонларнинг кескин табақаланишига йўл қўйилмайдиган кучли “ижтимоий давлат” сифатида шакиллантириш каби мақсадларни кўйган эди.

 Бу каби ислоҳотларни амалга ошириш учун аввало фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш зарур. Фақатгина эркин, ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини биладиган, қонун ва амалдаги тартиб-қоидаларни ҳурмат қиладиган фуқаролар ўзининг ҳуқуқларидан тўлалигича фойдаланишга қодир. Бу борадаги ислоҳотларни янада кучайтириш учун куни кеча Президент Ш. Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни қабул қилиниши юртимизда ҳуқуқий онг ва маданиятни шакллантириш ва ривожлантириш, мамлакатимизда ҳуқуқий таълим ва билимлар тарғиботини тубдан яхшилаш, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ижрочиларга етказиш, аҳолини қабул қилинаётган қонунларнинг мақсади, мазмун-моҳиятидан кенг хабардор этиб боришга қаратилди.

Фармонда белгиланган вазифалар натижасида юридик кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш, ҳуқуқ соҳасидаги илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга татбиқ этиш, юридик таълим сифатини ва илмий салоҳиятини ривожлантириш, шу билан бир қаторда ахолини ҳуқуқий саводхонлиги ва маданияти шакилланишига хизмат қилади.

Мамлакат ривожланишига тўсқинлик қиладиган коррупцион тизимни йўқ қилиш учун ҳам одамларнинг ҳуқуқий дунёқарашини кенгайтириш, коррупцияга ҳар бир инсоннинг нафрат кўзи билан боқиши, уни содир этишга инсонларнинг ўзлари онгли равишда бўйин бермай, яксон қилишлари учун ҳам ҳуқуқий таълимни кучайтириш керак. Фуқароларимиз ҳуқуқий ижтимоий давлат барпо этилишида ўзларининг дахлдор эканликларини хис этиб, лоқайд қарамасликлари ва ҳуқуқларининг ҳимоя этилишини аввало, ўзларидан бошлашлари шарт.

Фуқароларимизнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш “Адолат” СДП нинг асосий бош мезони ҳисобланади.

 

Миршод ҚЎЛДОШЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+