Янгиликлар 1129
Коррупция – “бедаво дард” эмас
Давлатимиз раҳбари томонидан мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар, халқ фаровонлиги йўлида тизимли ишлар амалга оширилаётган бир вақтда коррупция билан боғлиқ нохуш ҳолатлар ҳамон учраётганлиги ачинарли ҳол, албатта.
Коррупцияга қарши курашиш, жамиятда ушбу иллатга муросасиз муносабатни шакллантириш мақсадида давлатимиз томонидан кўплаб меъёрий ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Уларнинг энг аҳамиятлиси, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни бўлиб, унга асосан мутасадди идораларга ваколатлар берилиб, уларнинг аниқ вазифалари белгилаб берилган. Шу билан бирга Қонунда “коррупция” атамасига атрофлича тўхталиб ўтилган.
Коррупция - шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеъидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.
Шунингдек, мазкур Қонун билан ҳозирги кунда жамиятимизда энг илдиз отган салбий ҳолатлардан бири бўлган манфаатлар тўқнашувига ҳам урғу берилган.
Яъни, манфаатлар тўқнашуви — шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд, таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда, шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият саналади.
Биз бежизга бу икки масалага тўхталмадик. Чунки, қаерда манфаатлар тўқнашуви кузатилса, ўша ерда коррупциоген хавф-хатар юзага келиш эҳтимоли юқори бўлади ва унга қарши маъмурий-ҳуқуқий ва ташкилий-бошқарув чора-тадбирлари кўрилиши тақозо этилади. Қонунларнинг ижроси таъминланишида эса жамоатчилик назорати институти фаолияти самаралидир. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 16 апрелдаги "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармони муҳим аҳамиятга эга бўлиб, давлат органлари ходимлари қонунга риоя этиб, вазифа ва мажбуриятларини масъулият билан адо этишида таъсир доираси юқори бўлмоқда. Жамоатчилик назорати жамоатчилик вакиллари ва бошқа фуқаролик тузилмаларига, давлат ҳокимияти органларига муайян қарорларни қабул қилиш бўйича мурожаат этиш, уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича сўровлар бериш, давлат ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз фаолиятлари бўйича амалга оширган ва ошириладиган ишлар ҳақидаги ҳисоботларини эшитиш ва бошқа бир қатор шаклларда уларга баҳо бериш ва кези келганда танқидий муносабатини билдириш имконига эга бўлдилар.
Зеро, давлат идоралари ва мансабдор шахсларнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги вужудга келаётган ва келиши мумкин бўлган коррупция билан боғлиқ турли салбий иллатларнинг олдини олиши ва халқ фаровонлиги, жамият ва давлат ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.
Ш.МАДУМАРОВ,
Жиноят ишлари бўйича Сўх туман судининг раиси
Фикрингизни қолдиринг