Янгиликлар 1329
Коррупция билимсизликдир
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси йўлланди. Давлат раҳбари тугаётган йилдаги асосий кўрсаткичлар, эришилган натижалар ҳамда келгуси йилларда амалга оширилиши режалаштирилган масалаларга тўхталиб ўтди.
Мурожаатномада келтирилган таклифларни тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, “Адолат” СДП аъзоси сифатида партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар Президентимиз Мурожаатларида ҳам ўз аксини топганлиги партия аъзоси сифатида мени ғоят хурсанд қилди.
Хусусан, партия сайловолди дастурининг асосий йўналишларидан бири сифатида коррупцияга қарши кескин курашиш, аҳолининг барча қатламлари орасида, айниқса, ёшларда коррупцияга қарши муросасиз кураш маданиятини кучайтиришни муҳим ҳисобланиши, коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи эканлигини эътироф этилганлигидир.
Ўзбекистон “Адолат” СДП давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик нормаларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва ўзбошимчалик билан талқин этилишига, шунингдек, тўрачилик, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб боришни, коррупцияга оид ҳолатларнинг ўз вақтида олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этилишини таъминлаш, шунингдек, коррупцияга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни йўқотиш чораларини кўриш тарафдоридир.
Шунингдек, Президент коррупцияга қарши курашнинг энг самарали усулларидан бири сифатида ёшларимиз, фарзандларимиз онгида коррупцияга қарши тоқатсизликни, иммунитетни сингдиришни долзарб вазифа сифатида белгилаб бердилар.
Шу билан бирга, коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат хизматчиларини мунтазам ўқитиш ва билимини баҳолаб бориш тизими йўлга қўйилиши, кадрларни танлашда эски усуллардан воз кечиб, уларнинг интеллектуал салоҳиятини баҳолайдиган очиқ ва ошкора танлов тизими жорий этиш таклифи мен қатори барча партиядошларимизни дилидан, тилидан кечган фикрлар бўлди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, коррупция бор жойда на ривожланиш, на юксалиш бўлишини барчамиз тўғри англашимиз, бир ёқадан бош чиқариб унга қарши курашимиз, олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларга эришишда оғишмай ҳаракат қилишимиз даркордир.
Улуғбек РАСУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати
бўлим мудири
Фикрингизни қолдиринг