Коррупция – кeлажагимиз кушандаси!

11.03.2022 17:03:37

Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 3 январь кунида қабул қилинган «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 06 июлдаги «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони имзоланди. Ҳужжат коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини ошириш, энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий обрў-эътиборини оширишга қаратилганлиги шу билан бир қаторда Фармон билан 2021−2022 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилинган.

Ушбу дастур доирасида бугунги кунда мамлакатимизда коррупциявий ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш қолаверса, коррупцияга қарши курашиш тизимининг самарадорлигини ошириш орқали мамлакатимизда энг юқори даражадаги қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Бугун ҳеч муболағасиз айтиш мумкинки, Янги Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга, жамиятда коррупцияга муросасиз муносабатни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чоралар қўлланилмоқда.

Шу ўринда, мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига чек қўйишни, бу иллатни илдизи билан қуритишни ўзининг устувор мақсадларидан бири сифатида илгари суриб, самарали фаолият олиб бораётган Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясининг мамлакатимиздаги кўплаб ташкилотлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда «Коррупция-тараққиёт кушандаси» шиори остида бир қатор тадбирлар ташкил этаётганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Жумладан жорий йилнинг 11 март куни ФВВ Академиясида «Қонун ва адолат устувор, жиноятга жазо муқаррар» ва «Коррупция-келажагимиз кушандаси» мавзуларида давра суҳбати ҳамда партия ташаббуси билан нашр этилган «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг тақдимоти ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг судьяси Акмал Жонқобилов, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши кураш агентлиги масъул ходими Ойбек Абдуғаниев, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси, адлия полковниги Шерзод Ҳайитов, Тошкент Ҳарбий прокурорининг ўринбосари, адлия подполковниги Сардорбек Ёрматов, Тошкент Ҳарбий судининг раиси Жамшид Раҳмонов, Ўзбекистон «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Академиянинг профессор-ўқитувчилари, ҳарбий хизматчилар, курсантлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ёшларда коррупцияга қарши курашиш, фаол дунёқараш ва мустаҳкам фуқаролик нуқтаи назарини шакллантирадиган чора-тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга қарши курашиш мавзусида ижтимоий тадбирларга ёшларни кенг жалб қилиш, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш мавзусида Республика миқёсида танловлар ва мусобақалар ўтказишга қаратилган масалаларни муҳокама қилишдан иборат.

Тадбирни Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов очиб, бугунги кунда коррупция фуқароларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончини сусайтираётгани, бу иллатнинг давлатимиз иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатиши, қолаверса жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига олиб келиши хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, коррупция – бу мансабдор шахслар томонидан давлат ҳокимияти ёки бошқаруви ваколатларидан фойдаланган ҳолда шахсий манфаатларни ёки бошқа шахслар манфаатини кўзлаб содир этиладиган жиноятлар йиғиндиси эканлиги, айни дамда коррупцияга қарши курашиш барча давлат ва жамоатчилик ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларда устувор вазифага айланганлигини алоҳида таъкидлади.

Тадбир давомида партия ташаббуси билан нашр этилган «Коррупция – ёшлар нигоҳида» китобининг тақдимоти ўтказилгани жараёнга ўзгача муҳит олиб кирди.

Мазкур китобнинг яратилиши борасида Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Умид Сулаймонов томонидан бир қанча аҳамиятли маълумотлар айтиб ўтилди:

— Мазкур китобнинг яратилиш тарихи ҳақида сўз борар экан Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган ғоялар доирасида умумтаълим мактаблари (шунингдек, ихтисослаштирилган, махсус мактаблар) ўқувчилари онгига коррупциянинг жамият ривожига салбий таъсирини содда ва тушунарли қилиб етказиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий билимларини ўстириш, коррупцияга қарши нафрат туйғусини уйғотиш мақсадида «Коррупция – ёшлар тасаввурида» иншолар танлови ўтказилгани, унда Республика бўйича 8642 та умумтаълим мактабларидан 445 мингдан ортиқ ўқувчилар ўз иншолари билан иштирок этгани айтиб ўтилди. Аҳамиятлиси, иншолар танловининг якуни бўйича ҳудудлардан 84 нафар ўқувчи ғолиб деб топилиб, ушбу ўқувчиларнинг иншоларини саралаш ва жамлаш орқали «Коррупция ёшлар нигоҳида» номли иншолар китоби чоп этишга эришилганини алоҳида қайд этиш жоиз.

Қолаверса, тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг катта ёрдамчиси адлия полковниги Шерзод Ҳайитов томонидан коррупция деб аталмиш иллатнинг давлат ва жамият ривожига кўрсатадиган салбий таъсири ва уни олдини олиш борасида бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида маълумот берилди.

— Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди. Мамлакатимизда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш ҳамда коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш бўйича бугун давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, тадбирда Академиянинг 5-босқич курсанти Улуғбек Ҳусанов ўзининг ижод маҳсули бўлган «Коррупцияни биргаликда енгамиз» номли шеърини иштирокчиларга ўқиб бергани барчада илиқ таассуротлар қолдирди.

Тадбир якунида иштирокчилар томонидан жамият тараққиётининг асосий кушандаси ҳисобланмиш коррупцион ҳолатларга барҳам бериш борасида ўзаро ҳамкорликда фаолият олиб бориш, муаммога нисбатан муросасиз муносабатда бўлишга келишиб олинди.

«Адолат» СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+