Янгиликлар 2460
Коррупция - мамлакат тараққиётига таҳдид
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят Кенгаши томонидан Жиззах шаҳридаги Сайилжой академик лицейида “Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг ишимиз” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Унда партиянинг вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, вилоят ички ишлар бошқармаси вакиллари, лицей ўқитувчилари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда жойларда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида партияларнинг ўрни, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни камайтиришда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишнинг аҳамиятига кенг эътибор қаратилди.
Қолаверса, тадбирда сўзга чиққанлар томонидан тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупция эканлиги, коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиши, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги таъкидланди.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунда коррупция нафақат кундалик ижтимоий муносабатларни издан чиқарувчи, балки давлатларнинг ичидан емирилишига олиб келувчи хавфли иллатдир. Коррупция давлатимизнинг ривожланишига ҳамда миллий хавфсизлигимизга таҳдид солади. Давлатнинг конституциявий асосларини хамда жамиятнинг маънавий-ахлоқий асосларини емиради, демократик институтлар ва қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари жиддий тарзда бузилишига олиб келади.
Тадбир якунида йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан атрофлича жавоб олишди.
Ўктам ҚУРБОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Жиззах вилоят Кенгаши
етакчи мутахассиси
Фикрингизни қолдиринг