Янгиликлар 1135
Коррупция – мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган иллат
Бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, коррупцион ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Соҳадаги сўнги тадқиқотларнинг кўрсатишича, жамиятда коррупция аталмиш иллатга бетоқатлик муҳитини шакллантиришда энг муҳим босқич бу инсонларнинг ёшлик даври бўлиб, айнан болалик вақтидан инсонни ҳалоллик вакцинаси билан эмлаб борилмаса, олиб борилаётган ишларнинг самарасига путур етиши мумкинлиги ўз тасдиғини топган.
Шу боисдан ҳам мазкур жирканч иллатга қарши аёвсиз кураш олиб боришни мақсад қилган «Адолат» социал-демократик партияси фаоллари айни даврда олиб борилаётган кенг кўламли чора-тадбирларга ҳамоҳанг равишда жойларда талаба-ёшлар қолаверса, мактаб ўқувчилари билан турли хил давра суҳбатлари, учрашувлар ташкил этиб келмоқда.
Жумладан, пойтахтимиздаги Мирзо Улуғбек туманида жойлашган 275-умумтаълим мактабида ташкил этилган тадбирда ўқувчи-ёшларга жиноятчиликнинг бу тури жамият ривожига улкан тўсиқ эканлиги юзасидан тушунча берилди.
Эътиборлиси, партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов иштирок этган тадбир ҳар қачонгисидан ўзгача руҳда, самимий суҳбатларга бой бўлди.
Тадбирда ўқувчиларга коррупциянинг ёмонлиги, унга барчанинг ҳамжиҳатликда қарши курашуви зарурлиги қолаверса, айни даврда ҳукуматимиз томонидан мазкур иллатни олдини олишга қаратилган тадбирларнинг моҳияти юзасидан атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, тадбир доирасида партия ташаббуси билан чоп этилган «Коррупция ёшлар нигоҳида» китоби, унинг яратилиш тарихи ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.
Тадбир якунида жараёнларда таклифлари ва саволлари билан фаол қатнашган ўқувчи ёшларга партиянинг эсдалик совғалари топширилди.
Фикрингизни қолдиринг