Янгиликлар 1114
Коррупция тараққиётга раҳна солади
Бугун “Адолат” СДП Бухоро вилояти Кенгаши ҳамда Бухоро давлат университети ҳамкорлигида “Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда партия ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, прокуратура ходимлари, ИИБ ҳамда университет ходимлари ва талаба ёшлар иштирок этдилар.
Тадбирни университет ректори Обиджон Ҳамидов кириш сўзи билан очиб берди, “Коррупцияга қарши кураш дунё миқёсида бугунги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Бу иллатга қарши кураш дунёнинг кўплаб мамлакатларини қамраб олмоқда. Ҳозирги пайтда республикамизда коррупцияга қарши кураш доирасида бир қатор дастурлар қабул қилинди ва улар бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда “, - дейди университет ректори Обиджон Ҳамидов.
Шундан сўнг университет Миллий ғоя ва ҳуқуқ кафедраси мудири Соҳиб Рауфов коррупцияга қарши курашиш тўғрисида маъруза қилди. “Қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди” ”, - дейди Соҳиб Рауфов.
Маърузадан сўнг тадбирда партия вилоят Кенгаши раиси Мақсуд Ҳамидов сўзга чиқиб, коррупция ва уни илдизи билан қуритиш масалалари ҳақида тўхталди. “Дарҳақиқат, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқдир. Шундан келиб чиқиб, қаердадир таъмагирлик, порахўрлик ҳолатларига дуч келсак, ҳар биримиз бу нохуш ҳодисага нисбатан бефарқ бўлмаслигимиз, лоқайдлик қилмаслигимиз, аксинча коррупция иллатини таг-томири билан қуритишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажаришга киришмоғимиз бурч ва масъулиятимизга айланмоғи даркор. Бошқача ифодалаганда, адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлишни ўзимиздан бошлашимиз зарур”, - дейди Мақсуд Ҳамидов.
Тадбир давомида “Адолат” СДП вилоят Кенгаши томонидан “Халқаро корруцияга қарши курашиш куни” муносабати билан Бухоро давлат университети талабалари ўртасида ўтказилган “Коррупция - тараққиёт кушандаси” мавзусидаги иншолар танловида 1-ўринни олган университет талабаси Лазиза Бобохўжаевага партия томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаси топширилди.
Университет талабалари томонидан таёрланган турли хил коррупцияга қарши курашиш ҳақидаги саҳна кўринишлар, куй-қўшиқлар йиғилганларни бефарқ қолдирмади.
Қайд этиш лозимки, коррупция бор экан, тараққиётимизга раҳна солаверади. Шундай экан, уни илдизи билан қуритиш мақсадида барчамиз бирдек бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақазо этмоқда. Зотан, маънавий жипслашган жамият қурилишида бу муҳим ўрин эгаллайди.
“Адолат” СДП Бухоро вилояти матбуот хизмати
Фикрингизни қолдиринг