Янгиликлар 1291
Коррупция: тизим ҳамда «Ҳалоллик вакцинаси»
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев илк президентлик фаолиятини бошлаган даврда Парламентга қилган мурожаатларида «Ҳалоллик» вакцинаси ва бу «вакцина “ билан барчани эмлаш тўғрисида тўхталиб ўтган эди. Бу том маънода барчани тўғри ишлаш, «коррупция» деган иллатдан йироқлаштиришга қаратилган огоҳлантириш «сигнали» бўлган эди десак муболаға бўлмайди.
Ушбу давр мобайнида давлат раҳбари томонидан коррупцияга қарши курашиш бўйича қатор ислоҳотлар олиб борилди ҳамда қатор қарор ва фармонлар имзоланди, «Коррупцияга қарши курашиш агентлиги» тузилди. Зеро, бунинг замирида ушбу «иллатга» қарши курашиш бутун давлат сиёсати даражасида эканлигини кўришимиз мумкин.
Янги Ўзбекистон-янгича ислоҳотлар олиб борилмоқда, янги тизим, янги лавозимлар ҳам жорий қилинмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «маҳаллабай» ишлаш тизими жорий этилди ҳамда ушбу тизимда қатор янгиликлар, янги иш ўринлари ҳам пайдо бўлди. Жумладан, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, хотин-қизлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи маслаҳатчилар ўз фаолиятини бошладилар. «Инсон қадрини улуғлаш, инсонларни рози қилиш» маҳалладан бошланиши кераклиги белгилаб берилди. Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.
Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотлари, балки бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқароларимиз томонидан ҳам фаоллик кўрсатилиб, бутун жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.
Аммо «Гуруч курмаксиз» бўлмайди деганларидек, муҳтарам Президентимиз катта ишонч билдирган,маҳаллаларда жорий этилган ҳоким ёрдамчилари лавозимига ҳам адашиб келиб қолганлар йўқ эмас. Ижтимоий тармоқларда кунора ушбу лавозимда ишлаётганларни пора билан қўлга тушаётганларини кузатиб турибмиз. Демак, биз бундай «кадр»ни яхши таълим олмаган, маънавий қашшоқ тарбия этилгани, ватанпарварлик руҳидан бутунлай йироқ эканлигидан ачинишимиз керак.
Вилоятимиздан Қонунчилик палатасига сайланган депутатлар билан бўлиб ўтган учрашувларимизнинг бирида таълим соҳасидагиларга қарата «Бизга яхши, замонавий, билимли, ватанпарвар кадрларни тайёрлашга масъулсизлар» деган гаплари ўринли ва асосли эканлигини кўриб турибман.
Демак биз «коррупция» деган иллатга қарши курашиш керак бўлса мактабгача таълимдан, мактаб таълимидан, олий таълимдан бошлашимиз зарур. Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбирлари билан айтилган «Ҳалоллик» вакцинаси билан аввало келажагимиз пойдеворлари бўлмиш ўқувчи фарзандларимизни эмлашдан ишни бошлашимиз керак. Бу том маънода фарзандларимизни келажакка мукаммал тайёрлашимизни белгилайди. Шу билан биргаликда тизимдаги барча ташкилотларни ҳам «Ҳалоллик» вакцинаси билан эмлаш зарурлигини давр тақозо этмоқда. Танамизда қандайдир касалликни ҳис этсак ёки ўткир касалликларга қарши эмланмоқдамизку, нега бу иллатга қарши эмланишни хоҳламаймиз???
Зеро, касалликни даволагандан кўра олдини олган яхшироқ. Президентимиз охирги ўтказган видео селектор йиғилишларида қайси тизимларда «коррупция» урчиб ётганлигини, миллиардлаб пулларни бермоқдамиз, лекин булар талон-тарож билан овора, жойларда эга қолмадими деб ачиниш билан гапирдилар. Тиббиёт соҳаси, халқ таълимига ажратилаётган маблағлар чакана маблағлар эмас... Бу иллатдан воз кечмас эканмиз-миллат келажагига, юртимиз равнақига ўзимиз болта ураверган бўламиз!....
Дарҳақиқат, коррупция ва порахўрлик жамият барқарорлигининг муҳим асоси бўлган адолатнинг йўқолишига олиб келади. Мамлакатимиз мустаҳкамлиги, халқимиз фаровонлиги, юртнинг ривожи ва гуллаб яшнашини, обод бўлишини истаган ҳар бир фуқаро коррупцияга қарши курашиши, ушбу иллатдан халос бўлиши, бир сўз билан айтганда «ҳалоллик вакцинаси» билан эмланиши керак. Ваҳоланки, жамиятни ҳалол ва коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришга барчамиз бирдек масъулмиз ҳамда порахўр кимсаларга қарши курашишда фуқароларимизнинг ҳаракати асосий кучга эга бўлишини англаб етишимиз шарт. Ўз навбатида, кундалик ҳаётда учрайдиган коррупцияни, яъни оддий фуқаро давлат ташкилотларига, таълим, соғлиқни сақлаш, қонунни ҳимоя қилиш муассасаларига келганда одатда дуч келадиган коррупцияни илдизи билан йўқ қилиш умумий вазифалардан бири бўлиб қолиши керак.
Муталлиб Раҳимов,
Халқ депутатлари Иштихон туман Кенгаши депутати,
Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари
бўйича доимий комиссия раиси
Фикрингизни қолдиринг