Янгиликлар 1378
Коррупция ва таълим
Аҳоли онгида коррупцияга нисбатан тоқатсизлик дунёқарашини шакллантириш, уларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириб бориш долзарб аҳамиятга эга. Бунинг учун энг аввало фуқароларимизнинг онгига ёшлик давридан бошлаб бу иллатнинг қандай аянчли оқибатларга олиб келиши ҳақида тушунтиришлар бериб бориш лозим. Жамиятда, айниқса, ёш авлод камолга етадиган олий таълим муассасаларида, шунингдек, тиббиёт муассасаларида коррупция балосига мутлақо йўл қўйиб бўлмаслиги, бу иллатни таг-томири билан йўқотиш учун тушунтириш ва тарбиявий ишларни, ҳуқуқий билимларни етказиб боришимиз керак.
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши томонидан Бухоро шаҳрида жойлашган 43-умумтаълим мактабида партиянинг “Биз Коррупцияга қаршимиз” лойиҳаси доирасида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққан партия вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов коррупция ва унга қарши кураш масалалари, коррупцияга нисбатан тоқатсизлик маданиятини шакллантириш тўғрисида фикр-мулоҳазалар юритди. Aдолатсизлик, қонунга ҳурматсизлик, касбу амалга, ишончга хиёнат қилиб бўлмаслигини ўқиб-уққан, порахўрлик ва Коррупцияга, суиистеъмолчиликка қарши ўзида иммунитет ҳосил қилган ёшлар келажакда журъатли, виждонли инсон бўлиб етишади,- дейди партия вилоят Кенгаши раиси. Тадбирда қайд этилганидек, “Адолат” СДПнинг “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилиб келинаётган танловлар, тадбир ва учрашувлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни жамиятда муносиб ўринларга эга бўлишлари мамлакат тақдирига бўлган дахлдорлик туйғуларини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Умумтаълим мактаблари ўқувчилари, лицей ва коллеж ўқувчилари ўртасида ўтказилган “Коррупция тараққиёт кушандаси” номли иншолар танловининг ташкил этилгани ёшлар онгида коррупцияга қарши тоқатсизлик маданиятини шакллантиришда аҳамиятли бўлганлигини алоҳида қайд этиб ўтди.
Иншолар танловининг натижаларига кўра партия Сиёсий Кенгаши томонидан чоп этилган “Коррупция ёшлар нигоҳида” номли китобда бухоролик 5 нафар ўқувчиларнинг ҳам иншолари жой олгани таҳсинга сазовор,-дейди М.Ҳамидов.
Тадбир давомида ўқувчилар томонидан тайёрланган саҳна кўринишлар ҳамда рақс, куй-қўшиқлар тадбирга янада завқ улашди.
Тадбир сўнгида партия томонидан ўтказилган “Коррупция ёшлар тасаввурида” иншолар танловининг республикада ғолиб бўлган 2 нафар ўқувчилари ҳамда ўқитувчиларига яқинлашиб келаётган 8-март хотин-қизлар байрами муносабати билан вилоят Кенгаши раиси М.Ҳамидов партиянинг фахрий ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.
Мухтасар ЗОХИДОВА
“Адолат” СДП Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби
Фикрингизни қолдиринг