Янгиликлар 768
Коррупция ва унинг олдини олишга қаратилган қонун ҳужжатлари такомиллаштирилмоқда
2021 йил йил 17 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда дастлаб, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида қатор муҳим масалалар ўз аксини топмоқда. Хусусан, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахсларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш, ота-онасидан бири Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олинган болаларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахсларни фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида беш йил яшамасдан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш учун ҳуқуқий асос яратилмоқда.
Фракция депутатлари лойиҳанинг долзарблигига алоҳида тўхталиб, бунда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига тан олиш тартиб-таомиллари либераллаштирилаётгани, боланинг фуқаролик соҳасидаги ҳуқуқлари мустаҳкамланаётган ва лойиҳа орқали мамлакатимиз ҳудудида доимий истиқомат қиладиган фуқаролиги бўлмаган шахслар сони кескин қисқариши хусусан, республика бўйича яшаб келаётган 62 357 нафар фуқаролиги йўқ шахсларнинг 36 фоизи мамлактимиз фуқаролиги эга бўлиши бу йиллар давомида кўплаб инсонлар кутаётган норма дея баҳоланди. Шунингдек, бу орқали фуқаролик масалалари бўйича шикоят қилувчи шахсларнинг эътирозлари камайиб соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади ва Ўзбекистон Республикасининг ҳалқаро имиджида мустаҳкамланади.
Йиғилишида шунингдек, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янада такомиллаштирилишига, жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга қаратилган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг корруцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида содир этилган, содир этилаётган ёҳуд тайёрланаётган коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларнинг шахсига оид маълумотларнинг сир сақланишини кафолатловчи нормалар мавжуд эмаслиги амалиётда айрим тўсиқларни келтириб чиқармоқда.
Шу ва бошқа мақсадларни инобатга олиб мазкур қонун лойиҳасида соҳани тартибга солувчи айрим нормалар ўз аксини топмоқда. Хусусан, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг шахси сир сақланиши, ўзининг, шунингдек яқин қариндошларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиниши давлат томонидан кафолатланмоқда. Айниқса, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларга ва уларнинг яқин қариндошларига уларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот тақдим этганлиги туфайли тажовуз қилиш, шунингдек иш берувчи томонидан тақиб этилиши, асоссиз ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказиш, аттестациядан ўтказиш, иш шароитларини ўзгартириш, юқори лавозимга тайнлашни рад қилиш, иш ҳақини қисқартириш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
Мазкур лойиҳа билан шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органлари олдида турган вазифаларни самарали амалга оширилиши таъминланади. Айниқса, коррупцияга қарши курашиш фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг янада такомиллаштирилишига, жамиятда коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига чек қўйиш ҳамда унга қарши курашиш самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Йиғилишда фракция аъзолари томонидан лойиҳани такомиллаштириш бўйича таклифлар берилди ҳамда айрим нормаларни қонунчилик техникасига мувофиқлаштириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Фикрингизни қолдиринг